Дўстларимдан бири ишини битказишда ёрдам сўраб: "Чиқими бўлса айтавер, барибир, ўз-ўзидан бўлмаса керак", деди. Уч кун вақтим кетди, иш битди. Чиқимга ҳожат бўлмади. "Ёнингда юрганим билан фойдам тегмайди. Ундан кўра тирикчилигимни қилай", деганча бадар кетган дўстим иш битгач келиб, "Биздан қанча бўлди?" деб чўнтак ковлади.

Мен иккиланиб қолдим. Ич-ичимдан бир ғулғула: "Тўрт-беш сўм олсанг, нима қипти. Ахир ишини битириб бердинг", деб қистовга олаётган эди. Жавобни кечиктирдим. Шу зайл мен ва ичимдаги аллакимнинг мантиқий баҳси авж олди. "Ол", "олма", деган буйруқнинг гоҳ униси, гоҳ буниси тош босиб кетарди. Бир-икки қўнғироқ қилиб, "шунча сўм бўлди", дейишимга оз қолди...

Ёш ўзбек адиби Баҳодир Қобулнинг "Эна шамол" қиссалар тўпламини варақладим.

Ичимдаги ҳалиги овоз бот-бот: "пулни олмай бекор қиласан-да, балки бир кунингга яраб қолармиди", дерди. Китоб қаҳрамонининг: "...Шу гапни унутманглар! Пулга ружу қўйгандан одам чиқмайди. Катта кетгач, пулни санаб, "қора куннинг яроғи", деб сандиққа ташлаганман. Аслида эса қора кунни кўкайдан чиқариб яшаш лозим экан... Тиш берган ризқ беради, нимадан истасанг, шундан беради. Истакни расво қилмаслик керак...

Ҳамма нарсани пул ҳал қилади, деган тасаввурлар алдоқчи. Пулга қолган кун тубанлик кунидир. Одам пулини ёки мол-дунёсини йўқотганида кўнгли азоб чекмай, балки ўзини юкдан халос бўлгандек ҳис этсагина яшашнинг маъниси бошланар экан. Поклик ҳеч қачон, ҳеч нарсага алишилмас, сотилмас экан. Сотилган заҳоти ўларкан...", деган гаплари эътиборимни торди.

Мутолаадан тўхтадим. Атрофга сукунат чўккан, мен ҳам сукутда эдим. Ўзимни тафтиш қила бошладим. Жимжитлик мени комига тортарди. Босиб келаётган ички таъқибдан қутулиш учун яна ўқидим.

Асар қаҳрамонларидан бўлган овчи деди: "...Одам боласи тоғу тош, дов-дарахтга, қушу қузғун, боши устидаги осмон, оёғи остидаги ерга қараяпман, деб ўйлаганида хато қиларкан. Аслида улар одам боласи ҳолига қараётган бўларкан..."

* * *

Орадан вақт ўтди. Ўзимни анча пайт ичимдаги овоз устидан ғалаба нашидасини сураётгандай ҳис этдим. Аммо тингану тинчимаган ўша овоз яна ўзини ўнглай бошлади. "Ҳолингга бир қара", - деди у бир куни. - "Катта шаҳарда ишлаб юрибсан-у, на бир кўркам жойинг, на бирон кўринарли давлатинг бор. Сўппайиб шундай яшаб юраверасанми? Бундоқ йўлини қилиб пул топ. Бу феълинг билан шунча йилдан бери нимага эришдинг?"

Ундан қочиб уйга кирдим. Бошимга кўрпа тортиб ухласам, балки тинчиб қоларман. Ёстиқни тўғрилаётиб, китобга кўзим тушди. Унда жаҳон машҳур адибларининг асарлари жамланган. Қайси кунидир олиб келгандим.

Асарда бир кўр созанданинг ҳаёти ҳикоя қилиняпти.

Воқеалар ривожида уч кўрнинг бир жойга жамланган тасвири мени жунбушга келтирди. Аслида, кўрликнинг ўзи катта бахтсизлик. Лекин икки кўр, ҳеч бўлмаганида тун ва тонгни фарқлай олишидан фахрланар, тўғрироғи юпанар экан, учинчиси бундан мосуво экани, шунга қарамай, у ўн ёшига қадар кўргани, шу боис онасини тушида кўра олиши иккала кўр учун етиб бўлмас орзулиги таъсирли баён этилибди. "Кўплар ҳаётни тўй-томоша билан тугайдиган романга ўхшатса керак, ҳолбуки, дунёда яна шундай нарсалар ҳам кўпки, баъзи бировлар бу тўғрида чуқурроқ ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди..." Бу гап гўё менга қаратилгандек эди, атрофимга қараб оламан. Китобни ёпиб қўяй, десам, истеҳзо билан "Бошлаганлар кўп-у, тугатганлар оз...", деб турибди. Бир тарафда кўрлар Худога нола қилиб: "...ҳеч бўлмаганда, тушимда ёруғ дунёни бир кўрсат...", деб юракни эзади. Бир ўринда кўр қаҳрамон югуришни ўрганганига шубҳа қилдим. Китобни ёпдиму, кўзимни юмиб уйнинг у бошидан бу бошига юриб, сўнг югуриб кўрдим. Қилиқларимдан хотиним ажабсинди, ўғлим қиқирлаб кулди. Уларни бир умр кўра олмай қолсам-а?! Хаёлимдан қўрқиб кетдим. Англадимки, дунёнинг жами ганжига биргина кўзим нурини алмашмас эканман. Ҳолбуки, тўрт мучам соғ, бошимда бошпанам, эгнимда кийимим, дастурхонда нон-ошим, гулдай оилам, ишим, қўйингки, ҳамма нарсам бор экан. Ботиний кўзим хира тортиб, мана шу бойликларимни қадрламабман, деб ўйладим. Оила аъзоларимга ширин сўзлар айтдим. Бири китобга қизиқиш ва меҳр билан қараб қўйди. Кичкинамиз шаталоқ отиб ўйнай бошлади. Китобнинг сарғайган юзини оҳиста силарканман, ҳар қадамда тўғри йўлга бошлаб турадиган чин дўстларимни янада кўпайтиришга аҳд қилдим.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ