Одамлар орасида “Берган Худога ёқибди”; “Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма”; “Етим қўзи асрасанг, оғзи-бурнинг мой бўлар, етим бола асрасанг, оғзи-бурнинг қон бўлар” каби иборалар тез-тез учраб туради. Кўп эшитганимиз учун оддий гапдек туюлиб қолган. Лекин улар замирида динимиз ва мусулмонлар шаънига таъна борлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

“Берган Худога ёқибди” ибораси аслида Аллоҳ таоло йўлида садақа қилишга ундалган оят ва ҳадислар мазмунидан олинган. Аллоҳ йўлида муҳтожларга, дўст ва қариндошларга ёрдам бериш мақсадида эҳсон қилиш савобли иш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банданинг моли садақадан камайиб қолмаган” (Имом Бухорий), деб марҳамат қилганлар. Яъни, садақа қилинган нарса савобга айланиб, эгасининг қўлида қолади.

Лекин баъзилар манфаатлари йўлида қонунга зид бўлган ишни амалга ошириш учун берадиган пораларига нисбатан бу иборани қўллаб, ўзларини оқламоқчи бўладилар. Шариатимиз қинғир йўлда, қинғир мақсадлардаги олиш-беришдан қайтарди. Чунки бунақаси Аллоҳга ёқмайди.

Ўйламасдан, эшитган ҳамма нарсасини гапиравериш мусулмонга ярашмайди. Масалан, “Мулланинг айтганини қил, қилганини қилма”. “Мулла” сўзи “тўлалик” маъносини беради. Илм аҳлига шайх, ҳазрат, домла қаторида бу сўз ҳам қўлланилади. Бундай зотлар ҳақида Аллоҳ таоло: «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”» (Зумар, 9) деб марҳамат қилган.

Аслида, “Мулланинг айтганини қил, қилганини қилолмайсан”, дейилса, тўғри бўлади. Чунки мулла, яъни, олим киши дин илмини оддий одамларга нисбатан чуқурроқ эгаллаган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким илмни беркитса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни оловдан бўлган юган билан юганлайди” (Ибн Асокир), деб мархамат қилган ҳадисларига биноан, билганларини бошқаларга ўргатиш, таълим бериш йўлида тиним билмайди. Шунингдек, олган илмига амал қилиш фарздир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга: “Агар мен билган нарсаларни билганингизда эди, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлардингиз” (Имом Бухорий), деганлари ривоят қилинган. Мулла ҳадисга амал қилиб, фарз ибодатлар билан бирга нафлларини ҳам бажаради. Шунинг учун унинг қилганини ҳамма ҳам уддалаёлмайди.

Шунингдек, муқаддас дин ва илм қадрини билмай, “чала мулла” номини олган кишилар учраб туради. Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай дейди: “Китобни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?!” (Бақара, 44). Беш қўл баробар эмас. Бир-икки нодонни деб барча олимни айблаш тўғри бўлмайди.

“Етим қўзи асрасанг, оғзи бурнинг мой бўлар. Етим бола асрасанг, оғзи бурнинг қон бўлар” ибораси биринчи бўлиб Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақоратдир. Чунки у зот (алайҳиссалом) туғилмасларидан олдин оталаридан ажраганлар. Етимликда ўсганлар. Тарихга назар солинса, олдин боболари, кейин амакиларининг қўлида тарбия топганлар. Жуда ҳам суюкли бўлишларига қарамай, бирон марта одобсиз ёки тантиқ бола бўлганлари ҳақида хабар келмаган. Шунингдек, у зот: “Мен билан етим бошини силаган киши жаннатда мана шундай туради”, деб ўрта ва бош бармоқларини бириктириб ишора қилганлар. Бу мазмунда яна кўп яхши гаплар айтганлар.

Юқоридаги ибора аслида Аллоҳ таолонинг: “Бас, у етимни жеркийдиган” (Моун, 2) оятидаги етимни асраб, ҳақини бермаган, тарбиясида хато ва камчиликка йўл қўйиб, кейин оғзи-бурни қон бўлган кишининг гапига ўхшашдир.

Аллоҳ таоло инсонга фикрини сўз билан ифодалай олиш қобилиятини берган. Шундай экан, айтган ҳар бир сўзимиз келажагимизга таъсир этишини унутмайлик. Зеро, Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (инсоннинг айтган сўзларини ва қилган яхши-ёмон амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар» (Қоф, 17).

 

Абдурасул ТОШПЎЛАТОВ,

ТИИ ўқитувчиси