Баъзи кишилар Рамазон ойи олдидан ўзлари масъул бўлмаган, билмаган нарсаларини гапириб, тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлишади. Улар: “Фалон давлатда бугун рўза тутилди” ёки муборак ой сўнгида ҳайит кунини ихтилоф қилиб: “Фалон мамлакатда бугун ҳайит экан, рўзамизни очиш керак” каби гапларни тарқатиб юришади.

Шундай кишилар билиб ёки билмаган ҳолда мусулмонлар ўртасида тарафкашлик, тарқоқлик ҳамда ихтилофга сабаб бўлишни енгил санашади. Албатта ножўя гап-сўзларга сабаб кишиларнинг дин илмларини етарлича ўзлаштирмаганларидир.

Шариат масалаларида масъул бўлмаган, шу билан бирга етарли илмга эга бўлмаган кишилар фатво ишларига аралашишлари, ўзга мамлакатларга қараб “фатво” олишлари мумкин эмас. Бундай ишлар вақт, ақл ва умр исрофидир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) қилинган ривоятда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Киши исломининг гўзаллиги ўзига муҳим бўлмаган (беҳуда) нарсаларни тарк қилишидадир”, деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа).

Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир” (Нисо, 59), деб марҳамат қилинган.

Ушбу ояти карима “Ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” деб мусулмонларнинг ишларида бошлиқлар масъул бўлишини, мўминлар уларга итоат этиши вожиблигини баён қилмоқда. Шариат ҳукмлари ҳеч қачон нафс-ҳавога биноан олинмайди. Уламолар Қуръон, суннат, ижмо, қиёс ва ўлканинг ўзига хос томонларини ҳисобга олиб, бир масалада фатво беришади. Бу ўлкада яшовчи ҳар бир мусулмон ушбу фатвога эргашиши керак. Эргашувчилар ҳар қандай ҳолатда ҳам амалларига яраша савоб олаверишади.

Динда ҳам, ҳаётда ҳам фойда келтирмайдиган, ўзи масъул бўлмаган масалаларга аралашиб, кишилар орасида фитнага сабаб бўлиш яхши эмас. Бундай ишларни олимларимизга юклаб, ўзимиз Рамазон рўзасини гуноҳларимизга каффорат бўлсин деб, ихлос билан тутишимиз керак.

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ ўғли,

ТИИ талабаси