Аёл зоти гўзал бўлишни, чиройли кийимлар кийишни, тақинчоқлар тақишни суяди. “Дунёда битта аёл қолса ҳам, қирқта заргарга иш топилади”, деган гап бежиз айтилмаган. Аммо, айрим эркакларнинг, асосан, ёш йигитларнинг аёлларга хос одатларни, масалан, қулоғига сирға тақишни урф қилгани ачинарли. “Оломонча маданият”нинг таъсирими бу? Ёки кимгадир тақлидми?

“Сирға” сўзининг маъноси ва унинг тарихи ҳақида сўз юритсак. “Сирға” қадимги олтой-туркий тилидан олинган бўлиб, “сирқа”, “сарқмоқ”, яъни “осмоқ, “осилиб тушмоқ” маъноларини англатади Сирға қулоққа осиладиган безак. Аёллар бу тақинчоқни чиройларини кўз-кўз қилиш учун бемалол тақишган. Қадимги Римда фақат эркак қулларнинг қулоғига қуллиги билиниб туриши учун тақилган. Юнонистонда бузуқ йўллар орқали пул топадиган эркакларнинг қулоқларига бошқаларга белги бўлиши учун сирға тақишган. Яна бошқа мамлакатларда денгиз қароқчилари, ўғри ва лўлиларда сирға тақиш одат бўлган. Русияда яшовчиларда боқувчисиз қолган оиланинг ёлғиз ўғил фарзанди бўлса, уни урушга олмасликлари учун қулоғига осишган.

Интернет хабарларига кўра, ҳозирги кунга келиб йигитларнинг қулоғига сирға тақиши, унинг бесоқолбозлар жамиятига мойил экани; ўнг қулоққа сирға тақса, ўзгача ҳаёт тарафдори; чап қулоққа тақса, биржинслилар никоҳига қарши бўлмагани каби маъноларни англатади.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзини аёлларга ўхшатиб олган эркакларни ва ўзини эркакларга ўхшатиб олган аёлларни лаънатладилар”. Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ана ўшалардандир”, деб огоҳлантирганлар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довудривояти).

Динимиз ақл ва тафаккур билан иш кўришга чақиради, шак-шубҳалар, хурофотларга эргашишдан қайтаради. Амалларни кўр-кўрона эмас, мулоҳаза юритиб бажаришга ундайди. Шундай экан, миллатимизга, руҳиятимизга, дунёқарашимизга хос ва мос бўлмаган “маданият”ларга яқинлашмасликка ҳаракат қилишимиз зарур.

Жамол МАВЛОНОВ,

Бухородаги “Масжиди Калон” жомеи имом-хатиби