Биз, кўпинча, журъат тополмаган, ҳало­ватимизни кўзлаган пайтларимизда қуйидаги каби баҳоналар билан ўзимизни овутамиз:

* Битта менинг гапим билан нима ўзгарарди?

* Кучим нимага етарди?

* Унга маслаҳат бергани мен ким бўлибман?

* Оддий одамман, қўлимдан келганини қилдим...

* Битта мен чипта ташласам, шу ер чи­қиндихона бўлиб қолмайди-ку!

* Мен илмсиз бўлсам, дунё ривожланишдан тўхтаб қолмас?

Яшириб нима қилдим, ўзимда ҳам бу каби ҳолатлар юз беради ва қалбимдаги яхшилик қилиш иштиёқини бўғиб қўяди. Натижада, оломон ичидаги ҳиссиз, эътиборсиз одамлардан бирига айланаман, йўлимда давом этаман. Кейин эса ўша ишни қилмаганим учун кўп афсусланаман. Бироқ яна ўшандай вазиятга дуч келсам, афсусларим ёдимда тургани ҳолда, одатдагидай “ўз йўлим”да давом этаман. Аслида эса оддийгина одам, ожизалигимга қарамай, инсонлигим ва менга берилган имкониятлар доирасида ҳаракат қилишим керак.

– Бир келинчак кўча юзини оқар сувга қараб супур­япти. Бунинг хатолигини бориб унга айтишим мумкин. Ҳеч қурса, бошқа танбеҳ эшитиш нафсига малол келгани учун ҳам кейинги сафар бу ишни қилмайди.

– Дарахт шохини синдираётган болага бундай қилмаслигини айтиш ҳам савобли амал. Бу билан кимнингдир меҳнатини қадрлаган, табиат муҳофазасига ҳисса қўшган бўламан.

– Мен ўрганган илмнинг бир мўминга нафи тегса, ҳеч йўқ, ўзимга фойдаси тегса, демак, яна бир яхшиликка тиргак бўла олдим.

– Қўлимдаги қоғоз парчасини, унчалик катта гуноҳмасдир, дея ерга ташлашдан сақлансам, буни кўриб турган бошқа бир одамга ўрнак кўрсатаман. Шу билан бирга, унинг олдига иккинчиси, учинчиси ташланиб, чиқиндилар уюми ҳосил бўлишининг олдини оламан...

Мени шу пайтгача яхшиликлардан қайтарган, мантиқлидек кўринган баҳоналар яна қанча одамларнинг эзгуликка васила бўлишига тўсқинлик қилган. Бу борада англаб етганимни сизларга ҳам илиняпман, токи ўз кучимизга яраша бир кун эртароқ яхшилик сари одимлайлик. Зеро, ҳар биримиздан илоҳий даргоҳда кучимизга қараб ҳисоб сўралади!

Нигора АБДУМУХТОР қизи