Халқимиз орасида таъзия бўлган хонадонда маййит чиқмасдан туриб, ҳолвайтар, айрим жойларда чалпак ёки бўғирсоқ пишириш одати бор.

Чунки аёлларимиз орасида “Пиширилган ҳолвайтарнинг иси маййит бурнига кириши керак. Бу ота-боболаримиздан қолган удум, қилмасак руҳлари норози бўлади”, каби нотўғри эътиқодда юрганлар учраб туради. Яна кишилар орасида “Руҳлар оч қолса, тирикларга зиён етказади, уларни озиқлантириш керак”, деган тушунчадагилар ҳам бор. Уларга кўра, гўё руҳлар ҳолвайтар, чўзма ва бўғирсоқ исини “тановул” қилар эмиш. Аёллар орасидаги “ис чиқариш” эътиқоди шундан пайдо бўлган.

Айримлар буни ҳам ирим­га, қатъий қоидага айлантириб олишган. Аслида, бу Пайғамбаримизнинг (алайҳис­салом) тавсиялари. Абдуллоҳ ибн Жаъфардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Жаъфарнинг ўлими хабари келганида, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Чунки уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди”, дедилар» (Имом Термизий ва Абу Довуд).

Таъзияли хонадон эгалари қайғу ичида бўлгани, кўнгил­ларига сиғмагани сабаб қўшнилар, қариндошлар овқат келтиришади. Лекин оилада касаллар, ёш болалар бўлса, таъзияхонада ҳам таом тайёрлаш мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) беморлар ва яқинлари вафот этган ­оилалар учун “талбина” номли таомни тавсия этганлар.

«У киши ўз аҳлларидан бирон киши вафот этган бўлса, аёллар тўпланиб тарқаганидан сўнг, фақат аҳллари ва хос кишилар қолганида бир қозонча талбина қилишга буюрардилар. Сўнгра у нонли шўрва устига қуйиларди. Кейин у киши: “Эй аёллар, шуни еб олинг­лар. Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) талбина беморнинг юрагини қувватли қилади ва маҳзунликни кетказади, деганларини эшитганман”, дер эди» (Муттафақун алайҳ).

Талбина ун, сут ва асалдан пишириб тайёрланадиган таом бўлиб, “ҳасаа”, “ҳарира” деган номлари ҳам бўлган. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитганлари учун таъзияларда аёлларга ўша таомни егизар эканлар. Яна эътиборли жиҳати, бу таом кўнгил сўраб келганлар кетганидан кейин, фақат мусибатхона аҳли учун тайёрланган. Аҳамият берсак, ҳолвайтар таркиби ва тайёрланиши жиҳатидан талбинага ўхшайди. Фақат сут ўрнига ёғ, асал ўрнига шакар ишлатилади.

Ҳолвайтарнинг хусусиятларига келсак, у тез тайёрланади, қувватсизликда ҳамда совуқлик ошиб кетганида танага куч бағишлайди. Шундай экан, унга маърака-маросимларда, ёмон туш кўрганда пишириладиган эмас, балки саломатлигимизга фойдали овқат деб қараш тўғри бўлади.

 

Мунира АБУБАКИРОВА