Яхши хабарнинг қаноти бор, дейишади. “Мовароуннаҳр” нашриёти “Ўзбекистон матбуоти” миллий кўргазмасида “Йилнинг энг яхши китоби” V республика кўрик-танловининг “Ватан тарихи” йўналиши бўйича фахрли биринчи ўринни эгаллаганини эшитиб, жуда қувондик.

Шу хабар туртки бўлиб, кўнглимга тугиб юрган гапларни қоғозга туширдим. Кейинги икки-уч йил ичида нашриёт фаолияти анча жонланди. Долзарб мавзулардаги асарлар қаторида адабий, тарихий йўналишдаги китобларнинг чоп этилиши ҳам айни муддао бўляпти. Айниқса, яқинда босмадан чиққан йиллик тақвимни алоҳида эътироф этиш зарур. Ундан намоз вақтлари билан бирга Қуръон оятлари, ҳадислар, ибратли мақолалар жой олгани бизга манзур бўлди. “Осон ёдлаш қоидалари”, “Зарурий фатволар”, “Файзли кунлар фазилати”, “Сийратга оид саналар” ўқувчиларга ҳар доим асқотади.

“Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси биз имомлар учун дастуриламал, ҳар ишда насиҳатчи, десак муболаға бўлмайди. Бу нашрларга обуна бўлганлар сира ютқазмайди.

Нашриётнинг жонкуяр ходимларига ташаккуримни изҳор қиламан.

Зеро, Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшиликка йўлловчи уни қилувчи кабидир”, дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло уларнинг хайрли ишларида ёрдамчи бўлсин. Икки дунё саодатини насиб қилсин!

Муродулла ҚАРШИЕВ,

Навоий вилояти Зарафшон шаҳар бош имом-хатиби