Бобом раҳматли айтардилар: “Одамнинг гуноҳлар солинадиган халтаси орқасида бўлади-да, шунинг учун ўз айбини ҳеч кўролмайди”. Бола эдим, бу сўзнинг маъносини тушуниб-тушунмай бош ирғаб қўя қолардим. Ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларидан юриб, турли-туман одамларни кўриб, ҳар хил вазиятларга тушиб бу гапнинг маъносини англаётгандекман. У киши ўзининг катта-катта айблари бўла туриб, бошқаларнинг камчиликлари муҳокамасидан чарчамайдиган инсонлардан ранжиб, шундай дер эканлар.

Бугун қай биримиз боламиз қаерда, нималар билан банд, вақтини қандай ўтказаётганидан хабаримиз йўқ. Аммо қўшнининг қулоғини қиздираверамиз: “Қизи, қачон қарама, ярим тунда уйига қайтади. Она деган боласига сал эътиборли бўлади-да!” Бу борада ҳатто фарзандсиз одамнинг ҳам эҳтиётроқ бўлиб гапиргани маъқул. Чунки ҳали ўз боласининг қандай бўлишини билмайди.

Кун бўйи ишхонада шахсий ишимиздан ортмаймиз. Аммо кимнингдир кечроқ келганини бутун ҳамкасбларга ёямиз: “Виждони ҳам йўқ, доим кеч келади. Иш вақтининг ҳисоби берилади ахир!”. Азизим, унутманг, иш вақтининг ҳисоби фақат ундангина эмас, сиздан ҳам сўралади!

Бировни ёмонлаган инсонни бундан қайтаришдан кўра, уни ғийбаткаш, деб бошқага ғийбат қилишга журъатлироқмиз. Таассуф шу, бу ишимиз билан ўзимиз ҳам ғийбатчилар сафидан ўрин оламиз. Агар ўша биродаримиз ғийбат қилган бўлса, хўп-хўп, акс ҳолда-чи?! Унда ўзимиз янада каттароқ гуноҳни бўйинга илган, бир бандаи мўминга туҳмат қилган саналамиз. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. Расули Акрам ( соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, туҳмат қилган бўласан”, – деб жавоб қилдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аслида инсондан, мусулмон кишидан лозим бўладигани ўзини тафтиш қилишдир. Зеро, ҳадиси шарифда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Бошқаларнинг айбини текширмасдан, ўз айби билан машғул бўлган киши нақадар бахтлидир” (Имом Дайламий ривояти). Чунки киши ўз айбларини англаши билан уни тузатишга, такрорламасликка ҳаракат қилади. Ҳеч йўқ, ўзини тафтиш қилиш билан банд бўлиб, ғийбат, туҳмат туфайли орттирадиган гуноҳлардан омонда қолади. Саҳобаи киромларнинг, салафларнинг йўли шундай эди. Улар ўзларини тафтиш қилишдан тўхташмас, бошқаларнинг айбини қидиришга “вақт топишолмасди”. Доим ўзларидан хавфда эдилар.

Ғийбат, туҳмат қилишнинг жазоси, маънавий зарарлари ҳақида кўп айтилган. Аммо яқинда эшитганим мана бу ҳадис дилимга титроқ солди: Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейдилар: “Бир гуноҳи билан биродарини айблаган киши шу гуноҳни қилмагунча дунёдан ўтмас” (Имом Термизий ривояти). Яъники, киши бировга туҳмат қилса, ўз бошига, албатта, туҳмат келади.

Инсоннинг табиати шундай, кўзга кўринмас гуноҳларидан кўра, бошига келадиган кичкина кўнгилсизликдан кўпроқ чўчийди. Мен ҳам чўчидим, биров ҳақида билиб-билмай айтиб қўйган ноўрин сўз, гапимнинг жавоби бошимга келишидан кўнглим алағда бўлди, ўзимни ислоҳ қилишга киришдим. Бу ҳаётий қарашимни сизга ҳам илиндим, ҳеч йўқ, ўзимизни эҳтиётлаш учун бўлсин ғийбатдан, туҳматдан тийилсак, одамларнинг кўнглини авайлаймиз, қанчадан-қанча дилхираликнинг олди олинади. Оқибатда муслим бўлиб хос яшасак, иншааллоҳ!

 

Нигора МИРЗАЕВА