Халқимизда ажойиб нақл бор: “Ўз уйим – ўлан тўшагим”. Эркакми, аёлми тирикчилик деб ўз иссиқ уйини, бола-чақасини ташлаб чиқиб кетиши осон эмас. Ачинарлиси, иш қидириб бошқа шаҳарларга кетаётганлар ўзларининг ширин жонларини хатарга қўймоқдалар.

Энди бу муаммо сабабини қидирадиган бўлсак, аксарият одамлар рўзғордаги етишмовчиликни рўкач қилади. Катта ёшдаги отахон, онахонларимиздан сўранг-чи, ўтган асрнинг 30-йилларидаги қаҳатчилик даврида аҳвол ҳозиргидан яхши бўлган эканми? Аммо ҳеч ким иш қидириб, осон даромад излаб бошқа шаҳарга кетган эмас. Чет элга кетиш-ку, ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган.

Пайғамбардек (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюк зот хонадонининг бекаси Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Икки ойлаб уйимизда ёғ, нон бўлмасди. Эчки сути ичардик, хурмо ердик”. Бошқа ҳадисда айтадилар: “Расули акрам очликни енгиш, ичларида ҳеч нарса йўқлигини унутиш учун қоринларига икки-уч кунлаб япалоқ тош боғлаб юрардилар”.

“Бола-чақамнинг ташвишини қиляпман”, дейдиган биродарларимизга бир воқеани эслатмоқчиман. Мусога (алайҳиссалом) ўлим ҳабари келгач, болаларини ўйлаб хафа бўлдилар ва дедилар: “Энди болаларимнинг аҳволи нима бўлади? Мен ўлгач, улар нима еб-ичади?”

Нидо келди:

– Эй Мусо! Қўлингдаги асони тошга ур!

Мусо (алайҳиссалом) асони тошга урдилар. Тош иккига ажралиб, ичидан бир қурт тушди. Оғзида ям-яшил барг бор эди.

– Кўрдингми, мен тош ичидаги қуртнинг ҳам ризқини етказиб турибман, сен нега “Мендан кейин болаларим нима еб-ичади?” деб қайғуряпсан?

Шундай ҳикоят бор: бир киши иложсизликни, қўли калталигини рўкач қилиб, ўзга юртга ризқ излаб бормоқчи бўлибди. Кўч-кўронини ортиб кетаётса, доно бир қўшниси йўлда учраб, қаерга ва не сабабдан йўл олганини сўрабди. Ҳалиги киши сабабларини айтиб, қайси юртга кетаётганини билдирибди. Доно қўшни энди бунга маслаҳат қилишга кеч бўлганини англаб дебди:

– Ўша борган ерингнинг Худосига мендан салом айт!

Кетаётган киши кета-кетгунча бу гапнинг мағзини чақибди. “Яратган ёлғиз Аллоҳ бўлса, ризқ берган ҳам Ўзи. Борган жойимда ҳам, шу ерда ҳам ўша ягона Аллоҳ ризқ беради-ку? Юртдан кетиб нима қилдим”, деб қайтиб келган экан.

Энди иш излаб четга чиқаётган аёлларимизга икки оғиз сўзим бор. Аксарият ҳолларда аёлларимиз эрлари топиб келганига қаноат қилмай четга чиқяпти, ўз иффатини, эрининг ору номусини, қолаверса, миллат шаънини хатарга қўймоқда. Билиб олинг, Аллоҳ уч кунлик сафарга ҳам маҳрамсиз чиқишни аёлга ҳаром қилган. Эр розилигисиз чиқиш эса, аёл киши учун катта хусрондир. Зеро, ҳадиси шарифда эр рухсатисиз кўчага чиққан аёл то қайтгунича ёки эр рози бўлгунича Аллоҳ ва фаришталар лаънатида бўлиши айтилган. Энди бир ўйлаб кўринг-а, Аллоҳнинг ва фаришталарнинг лаънати остида, қолаверса, сизга мукаллаф қилинган эрнинг норозилиги остида қандай қилиб катта даромад топишингиз мумкин?!

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин, эркакми, аёлми, ҳар ўринда сабрли бўлиш тавсия этилади. Зеро, “Мен сабрлилар билан биргаман” (Бақара, 153), дейди Аллоҳ. Сабрсизлик қилиб, узун орзуларга эргашиб, соғлигидан, умрининг қанча азиз онларидан, иффатидан ва ҳатто азиз жонидан айрилган кишилар ҳаёти бизга ибрат бўлсин!

Шермуҳаммад БОЛТАЕВ,

Хоразм вилояти Хазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” жоме масжиди имом-хатиби