Россиядаги муҳожирлар учун мўлжалланган “Турон” газетаси Санкт-Петербург шаҳрида 15 000 нусхада нашр қилиниб, унда рус ва яна бешта тилда мақолалар чоп этилади. Қуйида шу газетадан бир мақолани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Ўрта Осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш фондига ўзбекистонлик муҳожир Дилором Ҳайдарова мурожаат қилди.

У Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридан. Фарзандлари билан Санкт-Петербургга келган. Миграцион хизмат идорасида керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, заводда ишлай бошлаган. Оиласи учун ётоқхонадан ижара хона олган. Тўғри, тўрт кишига каталакдек бир хона торлик қилади, аммо муҳими, она ва болалар бирга! Дилором кечқурунлари ишдан ҳориб-толиб келса-да, фарзандлари тарбияси, парваришига албатта вақт ажратарди. Оиланинг бир маромда кечаётган ҳаёти кутилмаганда остин-устин бўлиб кетади.

Бир куни ётоқхонадаги қўшнилар ўртасида можаро чиқади. Ошхонадан кимнингдир нарсаси ўғирланадими, хуллас, арзимас нарса, катта жанжалга айланиб кетади. Воқеа сабаб ётоқхонага полиция ходимлари келиб, ижарачиларнинг ҳужжатларини текширишга тушади. Жанжалнинг устида бўлмаган Дилором полиция бўлимига гувоҳ сифатида олиб кетилади. Кўрсатма олиш жараёни бир неча кунга чўзилади. Бу пайтда Дилоромнинг вояга етмаган ва қаровчисиз қолган болалари шифохонага олиб кетилиб, текширувдан ўтказилади.

Бир неча кундан кейин аёл ётоқхонага келади. Болаларини қайтариб олиб келмоқчи бўлганида, яшаш шароити қонунда кўрсатилган талабга жавоб бермаслигини рўкач қилиб, унга рад жавоби берадилар. Тўғри, бу эътироз қонунан асосли. Бошпана талабга жавоб бермас экан, бошқасини топиш лозим. Дилором ижарага икки хонали уй излашга тушади. Бу пайтда болалар вақтинчалик етимхонага жойлаштирилади. Дилором фарзандларини тезроқ бағрига олиш илинжида бор имкониятини ишга солади, йиққан-терган пулини аямайди. Афсуски, бойлик учун ҳеч нимадан тап тортмайдиган фирибгарга дуч келади.

Россияга пул ишлаш мақсадида келган яна бир муҳожир Д. Темирова Дилоромга ўзи яшаб турган, барча шароитлари муҳайё уйни ижарага олишини таклиф этади. Дилором унга 30 минг рубл бериб, кўчишга тайёргарлик кўради.

Лекин орадан вақт ўтса-да, Темирова на уйни бўшатиб беради, на пулни қайтаради. Охири пул олганидан ҳам тонади. Дилором ижара шартномаси тузмагани, олди-бердида гувоҳлар иштирок этмагани сабабли, ҳақлигини исботлай олмайди.

Шундай қилиб, аёл бор пулидан ҳам, бошпанадан ҳам айрилади. Энг ачинарлиси, бундай вазиятда болаларини етимхонадан қайтариб ололмайди. Иложсиз қолган Дилором атрофидаги таниш-билишларига мурожаат қилади. Лекин ҳеч кимдан ёрдам чиқмайди. Шундан сўнг у Меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш Фондига келиб, бошига тушган ташвиш ҳақида гапириб беради.

Фонд ходимларининг Темировани инсофга чақиришлари самарасиз бўлди. Аммо у айбини тан олмайди, бировнинг пулини виждонсизларча ўзлаштириб юборади. Яхшики, болалар жойлаштирилган етимхонанинг ходимлари вазиятни тўғри тушуниб, она-болаларнинг кўришиб туришига тўсқинлик қилишмаяпти. Ўрта Осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш фонди Дилоромни қўллашга ҳаракат қилмоқда, унинг оиласи учун ижарага уй излаяпти. Тез кунларда она фарзандларини ўз бағрига олади, деган умиддамиз.

Анна ДЕМИДОВА