Аёлларимизга бериладиган таърифларда “Андишали, фаҳм-фаросатли ва муросаю мадорали” деган сўзлар ҳам бор. Ана шу фазилатларни ўзида жамлагани сабаб шарқ аёлининг ҳурмати баланд. Бу гўзал хусусиятлар азал-азалдан оилалар тинчлик-фаровонлигини, аҳил-иноқлигини таъминлаб келган.

Аёлнинг ҳаётидан нолимай, сабрли бўлиши, катталарга гап қайтармай, андиша сақлаши, оиладаги турли вазиятларда фаҳм-фаросат билан иш кўриши, маҳалла-кўй, дўст-ёр билан муомалада муросага бориши оила хотиржамлигини таъминлаган, десак хато бўлмас.

Афсус, ҳозирга келиб айрим хотин-қизларимизга ана шу гўзал хусусиятлар қолоқликдек кўринади. “Ҳозир андиша билан яшолмайсан!”, “Ҳақингни талаб қилмасанг...”, “Жим турмай, гапиргин-да!” ёки бўлмаса: “Андишанинг отини қўрқоқлик, дейишади. Ўзингни бунчалар хорлатиб қўйма!” каби “насиҳатомуз” сўзлар тез-тез қулоққа чалиниб қолади.

Ҳар бир оиланинг ўзига яраша қонун-қоидалари, тартиблари, меъёрлари борлигини унутмаслик керак. Уларга ташқаридан одамларнинг аралашуви, ўзлари вазиятни яхши билмай туриб, фикр билдиришлари яхши эмас. Шу ўринда аёлларимизга айтар сўзимиз битта – андиша, муросаю мадора ва фаҳм-фаросат ҳамма замонларда ўз куч-қудрати, аҳамиятини йўқотмайди.

Имом ибн Жарир Табарий ва Ибн Абу Ҳотим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлларнинг яхшиси амр қилсанг, итоат этадиган ва сафарда бўлсанг, ўз нафсини ва молингни муҳофаза қиладиганидир”, деганлар.

Юксак эътирофга муносиб бўлайлик. Динимизнинг гўзал талаблари бўлган, момоларимиз ҳаётининг ҳар бир жабҳасига сингиб кетган қадриятларни бизлар ҳам авлодларга етказайлик. Зеро, аёлнинг гўзал фазилатлари оиладаги хотиржамликни таъминлайди. Оилалари хотиржам, тинч жамиятда юксалиш бўлади.

 

Жамила РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Олмазор тумани