Инсон ҳаёти давомида тинмай изланиш, илм ўрганиш ҳаракатида бўлади. Натижада инсоннинг маънавий мафкураси ривожланади, ўзини ким эканлигини анг­лайди. Ҳосил қилган билим ва кўникмалар воситасида ўзгаларга зиён етказишдан сақланади, ўз яқинлари, бутун жамият учун наф келтирадиган хайрли амалларни қилади. Шу сабабли маърифатли кишида имон-эътиқод, фидо­йилик, қатъият, ватанпарварлик каби фазилатлар шаклланади.

Маърифатсиз киши эса аксинча, унинг хатти-ҳаракати нафақат ўзига, балки бутун жамиятга зарар етказади. Қалбдаги нур ўрнини зулмат қоплайди, онги ва руҳи қораяди. Натижада киши нафси аммораси истаган ҳар қандай ишни қила бошлайди.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Дарвоқе, унга (нафсга) фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган. (Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс, 8-9-10). Ояти каримада айтилган фисқу фужур инсоннинг қиладиган ёмон амаллари бўлиб, бунинг учун у гуноҳкор бўлади. Тақво эса аксинча, кишини савобларга ноил қилади. Бир донишманддан сўралди: “Бизга тақвонинг нималигини тушунтириб беринг”. Шунда у зот: “Агар тиканзор ерга кирсанг, қандай йўл тутасан?” деб сўрабди. Савол берувчи: “Тиканлар оёғимга кирмаслиги учун эҳтиёт бўламан”, деб жавоб берибди. Донишманд: “Ҳаётда ҳам гуноҳлардан мана шундай сақланишинг тақводир”, деб жавоб берган экан". Бас, инсоннинг руҳий ҳолати фужур ва тақво билан белгиланган экан, бу икки нарсани ажратиш учун маърифат керак бўлади.

Нафснинг ёмонликларидан сақланиш, уни поклашда асосий ёрдамчи – бу маърифат. Унинг асл ўзаги эса илм. Маърифат жамиятда, оилада, умуман инсоннинг яшаш тарзи, ҳаётий тажрибаси жараёнида юзага келади. Илм-маърифат инсоннинг ўзини англаб етишга, охир оқибат Раббисини танишга олиб боради. Зеро, Али (розияллоҳу анҳу)нинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Ким ўзини таниса – Раббисини танийди”.

 

Хайруллоҳ САТТОРОВ,

Жомбой тумани бош имом-хатиби