Халқимиз болажон. Ҳар бир ота-она дилбанди учун жонини фидо қилишга ҳамиша шай. Улар фарзандларининг ҳар қанча эркаликларини кўтарадилар, доим беминнат ёрдам қўлини чўзадилар. Лекин айрим ота-оналар боланинг барча инжиқликларига “лаббай” деб жавоб беришни, унинг моддий таъминотини биринчи ўринга қўядилар. Ваҳоланки, моддийликданда муҳимроқ, аҳамиятлироқ вазифа бор. Бу – фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбияси.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар” (Имом Муслим ривояти). Демак, ота-она фарзандига берадигани энг аввало гўзал хулқ ва яхши тарбия экан. Чунки кийим, таом ёки ўйинчоқ болага маълум вақт манфаат келтиради. Гўзал хулқ эса бутун умр фойда беради.

Баъзи ота-она эрталабдан кечгача ишда. Фарзанд тарбияси учун ажратилган алоҳида вақт йўқ. Натижада, бола тарбияни телефон, интернет, телевизор ва кўча-кўйдан олмоқда. Шундай тарзда улғайган боладан нимани кутиш мумкин?!

Хўш, айтингчи, азиз муштарий, сизнинг фарзандингиз бўш вақтида нима билан шуғулланмоқда? Телевизор, компьютерда нималарни томоша қилаяпти, телефондан яна қандай мақсадларда фойдаланмоқда, интернетдан қандай маълумотларни ўқиб, қандай лавҳаларни кўрмоқда? Кўчада кимлар билан дўст, улар билан вақтини қандай ўтказяпти? Шу ишларда фарзандни назоратсиз қолдириш мумкинми? Албатта, йўқ! Ота-оналар бу борада жуда эътиборли бўлишлари лозим. Бир кун келиб афсус чекиб қолмаслик учун фарзанд тарбиясига жиддий киришиш, назоратни кучайтириш керак. Зеро, фарзандларимиз бизларга берилган омонат, эртага улар ҳақида сўраламиз.

Имом Ғаззолий айтадилар: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби пок, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Яхшиликка ундалса, дунё ва охиратда саодатли бўлади. Ёмонликка ундалса, ҳалокатга учрайди".

Фарзанд тарбияни, гўзал хулқни қаердан олади? Албатта, оиладан, ота-онадан олади. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтилмаган.

Демак, фарзандлар камолотида ота-онанинг тарбияси ўта муҳим. Ота-она фарзандга ёшлигидан яхши тарбия бериши, унга зарур билимларни ўргатиши, жамиятда ўз ўрнини топишида, илм-маърифатли бўлишида муносиб ҳиссасини қўшиши керак.

 

Чаросхон МУҲИТДИНОВА,

"Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртининг мудира муовини