Бир танишим қиз узатди. Тошкентда жорий бўлган урф бўйича, юртга ош берди. Ошга қуда томондан ҳам одамлар келишди. Одатда, бўлажак қуданинг оға-иниси, дўстлари, қўшнилари бир автобусда келишарди. Бу тўйга эса беш (!) автобусда, юзга яқин енгил машиналарда – эринмасдан санадик – 248 киши келди!

Танишимнинг, тўй ташкилотчиларининг ҳолини кўрсангиз эди! Қудаларга юзта ўрин ажратилган эди. Бу ёғи нима бўлганини қўяверасиз. Ҳамма хизматчилар янги жой тайёрлашга жалб қилинди. Олдинроқ келиб, ош еяётганлар тезлатилди. Янги қилинган жойларга дастурхон ёзиб, унга нима қўйишга ҳамма ҳайрон. Самоварга солиб, кейин чой дамлаш учун қозон ва челакларда сув қайнатишга киришилди. “Ош етмай қолмасмикан...” деб, роса хавотир олинди...

Ҳайтовур, тўйчилик экан, меҳмон қудалар бир амаллаб кутиб олинди. Беш-ўн  кишига чопон кийдирилди, хуллас, расм-русумлар ортиғи билан адо этилди. Шукрлар бўлсин, келин-куёв иноқ, турмуши яхши, фарзандли бўлишган.
Яқинда яна бир шунақа вазиятнинг гувоҳи бўлдим. Қуда томондан келган меҳмонларнинг ярмидан кўпи ташқарида қолишди – улар иккинчи навбат бўлиб ичкари киришди.
Тўй қилувчининг ўша кунги аҳволини ҳеч кимга раво кўрмайман. У ош етмай қолмасайди деган ҳадикда, яқин-атрофдаги ошхоналарда тайёр дамланган ош бўлса, қозони билан сотиб олиш ҳаракатига тушди. 
Бўлажак қуда тушмагур, жарчи ёллаб карнай орқали бутун шаҳарни ошга таклиф қилган кўринади!
Тўғри, тўйчилик деймиз, аммо таниш-билишларни тўйга, ошга таклиф қиладиган одам – ўз уйига, ўзи қилаётган тўйга так­лиф этиши керак-да! Қуданикига фақат яқинлар, бўлажак қариндошлар бориши керак деб ўйлайман.
Яна бир фикр – ош беришни фақат келин томон эмас, иккала қуда биргаликда, бир жойда бамаслаҳат ва камтарлик билан ўтказишса, нур устига нур бўларди.
Чопон кийдиришлар-чи? Сандиқ ва жавонларда ўнлаб тўй чопонлари босилиб ётади. Ким ҳозир тўйда кийдирилган чопонни намойиш этиб кийиб, кўчаларда юрибди? Қуданинг бир ўзига, зарур бўлса, бўлажак қуданинг отасига (куёвнинг бобосига) чопон кийдирилса, етар. Қуданинг ҳамма қудаларига, куёвнинг ҳамма ака-укаларига, поччаларига, амаки ва тоғаларига... хуллас, даъвогарлар жуда кўп, чопон кийдириш зарурми?
Қуръони каримда ҳам, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларида, ҳадисларида исрофгарчилик қораланади-ку. Бошқа халқларда бунақа одат, расм, таомил йўқ. Бу манманлик эмасми? Ношукрлик эмасми?
Шу баҳона, яна бир фикр изҳор этмоқчиман: юртимизнинг ҳар жойида тўйлар бир-биридан бироз бўлса ҳам фарқ қилади. Элшунос олимлар, уламолар, рес­публика фахрийлар кенгаши, “Камолот”, Хотин-қизлар қўмитаси, Оила жамғармаси ва бошқалар биргаликда барча вилоятларда бўлаётган тўйларни (қиз узатиш, ўғил уйлантириш, ақиқа, бешик тўйи, муборак ёшни нишонлаш ва бошқа тадбирларни) ўрганиб, ичидан энг оммабоп қисмлари асосида республикамиз учун умумий тартиб ишлаб чиқиб, тавсия этсалар, яхши бўларди.
 
Анвар  ТОЖИЕВ