Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Аллоҳ таолога чексиз ҳамду сано, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га дуруд, салавот ва саломларимиз бўлсин.
Халқимизнинг  байрамлари кўп. Истиқлол шодиёна­си­ни нишонлаганимизга ҳали узоқ вақт бўлмади. Қалбимиздан қувончли кунлар сурури кетмай туриб, мана, Қурбон ҳайитини ҳам қадрига муносиб ўтказдик.
 
Бугунги фаровон, шу билан бирга таҳликали дунёда ҳамма халқлар ҳам байрамларни эмин-эркин ўтказа олмаётгани айни ҳақиқат. Умуман шодиёналар кўнглига сиғмайдиган, доимо ҳадик-хавотирда яшаётган миллат-элатлар қанча. Буни англаш учун озгина тафаккур қилинса, бас.
Бу ҳолатлар бизни доимо шукрга, ҳушёрликка ундайди. Зеро, шукр қилиш ва қадрига етиш неъматларни завол бўлишидан асрайди.
Маълумки, Қурбон ҳайити байрами зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади. Арафа кунида эса, дунё мусулмонлари қатори ҳаж ибодатини адо этиш учун борган юртдошларимиз ҳам зиммаларидаги мазкур фарзни эсон-омон бажардилар. Улар Мино, Арафот, Муздалифа, Масжидул Ҳаром каби муқаддас жойларда юртимиз ва меҳнатсевар халқимиз ҳақига Аллоҳ таолодан тинчлик, хотиржамлик, файзу баракот ва яхшиликлар тилаб қўлларини дуога очишди. Муборак жойлардаги бундай дуолар ижобат.
Юртимиз ҳожилари яратилган шароитлардан жуда хурсанд бўлдилар. Буни мамнун чеҳраларидан билиб олиш қийин эмас. Ҳаммалари соғ-саломат, эсон-омон она Ватанимизга қайтдилар. Иншааллоҳ, уларнинг юриш-туриши элга намуна, гўзал хулқлари ёшларга ибрат бўлади.
Ҳар йилги хайрли анъанага кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги тизимлари муҳтарам Юртбошимизнинг қарорларига мувофиқ Қурбон ҳайитини муносиб тарзда ўтказдилар. Байрам баҳона бир қанча юзлаб кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар ва ногиронларга меҳр-мурувват ёрдами кўрсатилди. Меҳрибонлик ва Қариялар уйларида байрам дастурхони тузалиб, кемтик кўнгилларга шодлик улашилди.
Кўп жойларда қурбонлик гўштлари, уламоларимизнинг маслаҳатларига кўра, далаларда пахта ҳосилини йиғиб-теришда қатнашаётган пахтакорларга ва ҳашарчиларга ҳам тарқатилди. Чунки элу юрт хизматида бўлганлар ҳолидан хабар олиш айни савобли ишлардандир.
Аслида, эзгу ишларни қилиш учун байрамларни кутиш шарт эмас. Зеро, яхшилик қилишнинг вақти, мавсуми йўқ. Қурбон ҳайити ўтса-да, эзгуликка ташна халқимиз бир-бирига яхшилик қилишда бардавом. Ота-оналарни эъзозлаш, қариндош-уруғларни, ёр-дўстларни, устозларни, кексаларни зиёрат қилиб, дуоларини олиш, ногиронлар ҳолини сўраш халқимизнинг эзгу фазилатларидан ҳисобланади. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кишиларга хайру саховат кўрсатиш бобида кўплаб ҳадиси шариф ривоят қилинган. Жумладан, “Бир-бирларингдан алоқани узманглар, бир-бирларингдан юз ўгирманглар, бир-бирларингга ҳасад қилманглар, Аллоҳнинг яхши оға-ини бандалари бўлинглар” (Имом Термизий); “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқани боғласин” (Имом Бухорий, Имом Муслим); “Мўмин киши ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч қўймайди” (Имом Аҳмад).
Илоҳим, қалбларимизни байрам шукуҳи тарк этмасин, кузги ҳосилларимизни нест-нобуд қилмай йиғиб-териб олишимизда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин. Хирмонларимизга қут-баракотлар берсин!
 
Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари