Халқимизда “Одоб боши салом” деган мақол бор. Чунки салом тилакларнинг энг гўзалидир. “Ассалому алайкум” – сизга тинчлик, саломатлик тилайман, деган маънони билдиради. Бу сўз мусулмонлар ўртасидаги саломлашув ибораси сифатида қабул қилинган. Саломни қабул қилган инсоннинг “Ва алайкум ассалом” – сизга ҳам тинчлик-омонлик тилайман дейиши урфга айланган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи зотдир” (Нисо, 86). 
Ушбу ояти каримага амал қилган ҳар бир мўмин “Ассалому алайкум” дейилганида, “Ва алайкумуссалому ва раҳматуллоҳ”, деб алик олади. Агар “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деб салом берилса, “Ва алайкумуссалому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”, деб алик олиш жоиз бўлади. Салом берувчи “ва баракотуҳ” қўшимчасини ҳам қўшса, “Ва алайкумуссалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ ва мағфиратуҳу”, дейди.
Салом бериш одобига кўра суворий (уловдаги одам) пиёдага, озчилик кўпчиликка, кичиклар катталарга, юрган киши ўтирган ёки бир жойда тик турганга салом беради. Кичикдан олдин катта ёшдаги одамнинг камтарлик учун салом бериши эса фазилат саналади. 
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “То имон келтирмагунингизгача, жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирларингиз билан дўст-биродар бўлмагунингизгача комил имонли бўла олмайсизлар. Диққат қилинглар, сизларга бир амални тавсия қиламан, уни қилсаларингиз, бир-бирларингиз билан биродар бўласизлар. Ўрталарингизда саломни кенг ёйинг­лар!” (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти). 
Оят ва ҳадисларда тавсия қилинганидек, саломлашиш инсонларнинг ўртасидаги муҳаббатни зиёда қилиб, кишини савобларга ноил этади. 
Бироқ ҳозирга келиб ёшлар ўртасида оммалашиб бораётган саломлашишнинг турли усуллари ҳақида бундай деб бўлмайди. Жумладан, бош уриштириш, елка уриштириш, шунингдек, саломлашишда нафақат қўл, балки оёқларни ҳам ишлатиш бу эзгу ишга нибатан бир оз эҳтиромни пасайтираётгандек назаримизда. Яна бир ачинарли ҳол, замонавий қизларнинг ўпишиб кўришиш усулини йигитларнинг ҳам ўзлаштириб олишганидир. Ҳайратланарлиси, йигитлар ўта нафислик билан ўпишиб кўришишни замонавийликнинг бир жиҳати сифатида қабул қилмоқда. Бу ҳаракатлар ўзаро яқинлик бош­қалардан ажралиб туриш истаги билан изоҳланиши мумкин. Аслида эса бу четдан кириб келаётган оммавий маданиятнинг бир кўриниши, холос. Аслида эркак киши ўзининг ҳайбати ва ҳимматини сақлаган ҳолда бир-бирлари билан қўл олишиб саломлашганлари маъқул.
Яна бир афсусланарли ҳол – ёшлар ўзидан ёши катталарга салом бермай қўйганлиги. Юқорида таъкидланган гўзал суннатга азалдан халқимиз оғишмай амал қилиб келганлар. Авваллари ёшлар кўринган ёши каттага салом берганлар, агар уларнинг бир оз толиққанларини кўрсалар, ким бўлишидан қатъи назар, ёрдамга шошилганлар. Бугун эса ёшлар ёнидан ўтиб кетаётган оппоқ соқолли қарияларга ҳам беэътиборлик қилмоқдалар. Нега салом бермадинг, дея танбеҳ берсанг, танимаган одам билан ҳам сўрашавериладими, дейишади. Нима, салом фақат таниш­ларга бериладими? Назаримизда, ота-боболаримиздан қолган салом беришдек гўзал урфимиз ёшлар учун эскилик сарқити бўлиб туюлаяпти. Унутмайлик, биз ҳадис илмини бутун мусулмон олами учун йиғиб – жонлантириб берган улуғ муҳаддисларнинг авлодимиз. Уларнинг меросларини ўрганиб, ҳаёт йўлларидан ибрат олиб яшашимиз лозим. Ҳадисларда эса салом беришнинг фазли, савоби, ҳикмати жуда кўп эслатилади. 
Шу ўринда ота-оналарга ҳам бир ўтинчимиз бор, болаларимиз эртанинг эгаларидир. Шундай экан, саломлашишдек гўзал одобни ҳам уларга ўзимиз ўрнак бўлиб кўрсатиб яшашимиз керак.
 
Қамариддин ҚАМБАРОВ,
Янгийўл тумани “Хонтўра ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби