Дам олиш куни эди. Рўзғорга керакли маҳсулотларни харид қилиш учун бозорга отландим. Йўналишдаги микроавтобусга ўтирдим. Салдан кейин бир эркак чиқиб, эшик яқинидаги ўриндиққа ўтирди, юкини ўриндиқ четига қўйди. Кейинги бекатдан ўрта ёшли бир аёл чиқди ва боя­ги эркакка бақира кетди:
– Тўрроққа ўтсангиз бўлмайдими? Олдинда қаққайиб ўтиришингиз шартми, жойни бўшатинг, – деди.
Эркак аёлнинг важоҳатини кўриб бир оғиз сўз демай, оғир юки билан орқага ўтиб ўтирди. Ҳайдовчининг: “Опа, эрталабдан асабингизни бузманг”, деганига қарамасдан аёл ҳануз жаврашда давом этарди: “Мен ҳеч кимдан қўрқмайман”, дерди такрор-так­рор. Бир оз ҳовури босилгач эса: “Мен фақат Худодан қўрқаман”, деди.
Аёлдан ранжиб тургандим, кўнглимдан хайрият, Яратган Эгамни танир экан-ку, деган ўй ўтди. Қуръони каримдаги қуйи­даги оят ёдимга тушди: “... сизларга инъом этган неъматимни эслангиз, аҳдимга вафо қилингиз, токи Мен ҳам сизларнинг аҳдингизга вафо қилай ва Мендангина қўрқингиз!”(Бақара, 40). 
Аллоҳ таолодан, Унинг ғазабидан қўрққан киши ёмонликдан тийилади. Ўйлайманки, ўша аёл “Мен фақат Худодан қўрқаман” дейиши билан Парвардигорга тавба қилаётгандир. 
Шу ўринда аёлга боқиб ўйланиб қолдим. Баъзи эркакларга нима бўлаяпти? Нега ор-номуси бўлган аёлини  бозорга чиқариб қўйяпти? 
Ваҳоланки, табиатнинг маъсум чечаклари – хотин-қизларни асраш, эъзозлаш эркакларнинг зиммасида-ку. Уларнинг латофатли чеҳралари тундлашмасин, тилларидан ифорли сўзлар ўрнига қўпол ва беўхшов сўзлар чиқмасин. Уларни бозорма-бозор юриш­ларига, иш излаб чет элларда хор бўлишларига йўл қўйманг. 
Ахир биз мағрур ва ҳақпарвар, ғурурни юксак тутадиган халқнинг авлоди эканимизни асло унутмайлик. Аёлларни асранг, эркаклар!
 
Зебо ОЧИЛ қизи