“Меҳр-оқибат камайиб кетяпти, илгари бундай эмасди”,  деган гапларни эшитиб қоламиз. Бир қарашда шундайга ўхшайди, лекин бунинг сабабини ҳар ким ўзидан излаши, “Мен бошқаларга қанчалик меҳр кўрсата оляпман? Одамлар менга камроқ эътибор бераётган бўлса, атрофдагиларга очиқ юз билан қарашим, яхши муомала қилишим керак”, дейиши лозим. 
Зеро, атрофдагиларга меҳри­бон бўлиш кўнгил иши ҳи­соб­ланади. Устозимиз айтарди: «Уч нарсани эҳтиёт қилсанг, хорлик келмайди: 1. Сиринг. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг гапи бор: “Сиринг сенинг асирингдир, агар сен уни бировга ошкор қилсанг, сен унинг асирига айланасан”. 2. Аҳли аёлинг. Чунки оиланг – шаънинг, уни бировга ишониб қўйсанг, шаънингга доғ тушиб, ўзингни, хотиржамлигингни йўқотиб қўйишинг мумкин. 3. Мол-мулкинг. Агар бойлигинг жуда кўпайиб кетса ҳам, назоратни ўз қўлингда тут, шунда бехавотир бўласан”.
Одамларга очиқ чеҳра билан боқиш ҳам меҳрнинг бир кўриниши. Бирор кишига ёрдам бера олмаган тақдиримизда ҳам хушмуомала бўлсак, шу ҳам меҳр. Агар ёрдам бериб юборсак, нур устига нур – камида бирга ўн ажр оламиз.
Масалан, кўчада кетяпмиз, бир киши кўча супуриб юрганини кўрдик. Ўша кишига салом бериб, раҳмат айтиш билан, катта меҳр кўрсатган бўламиз. Чунки у ҳалол ризқ учун ишлаб юрибди, ўзганинг саломи ва раҳмати қилаётган ишига рағбатини ошириб юборади.
Ёки автобусдамиз. Бир инсон ризқ талабида одамларни оралаб, қийналиб чипта сотиб юрибди. Пулимизни очиқ чеҳра билан бериб, чиптани олгач, чиптачига чин юракдан раҳмат айтсак, унга катта ёрдам қилган бўламиз.
Ёхуд кўчада такси тўхтатиб, хизмат ҳақини келишиб олдингиз, манзилингизга боргач, пулингизни розилик билан беринг ва миннатдорчилик билдиринг, чунки ҳайдовчи болаларини ҳалол ризқ билан боқиш учун елиб-югуряпти. Оғирингизни енгил, узоғингизни яқин қилгани учун хурсанд бўлинг.
Қилаётган ишингизга меҳр-муҳаббат билан ёндашинг, одамларга қўлингиздан келганча ёрдам беринг, бағрида яшаётган ватанингиз қадрига етинг. Ана шу – Ватанга меҳр. Бошқа жойларни орзу қилманг. Зеро, “Ватандин яхши ёр бўлмас”. 
 
Раббимқул МУҲАММАДИЕВ
Яккасарой туманидаги "Ракат" 
жоме масжиди имом-хатиби