Яқинда Ўзбекистон телеканалида “Ойдинда ой қидирган ожизалар” деган кўрсатув намойиш этилди. Унда интернет орқали диний-экстремистик оқим аъзолари билан танишиб, уларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб, осуда оиласи, ширин-шакар фарзандлари, тинч юртини ташлаб, четга чиқиб, жангарилар сафига қўшилган, охир-оқибат хору зор бўлган ватандош аёлларнинг аянчли қисмати ҳақида ҳикоя қилинди. 
Кўрсатувни кўрар эканман, уларнинг бошларига тушган бу оғир кўргуликларнинг сабаблари ҳақида ўйладим. Аслида уларнинг аксарияти оила бошлиғига – эрига итоат қилмагани, қолаверса, қаноатсизлиги учун шу кўйга тушганлар. Мўмай даромад илинжида нафснинг қулига айланиб қолганлар. 
 
Нафсингни тийсанг, ғамдан озодсан, 
Душманинг бўлмайди, доимо шодсан.
 
деган эди бир шоир.
Улар нафсларини тиймаганлари сабаб, шодлик бегона бўлиб қолди. 
Тўғри, тўкин ҳаётни исташ айб эмас. Унинг учун ҳаракат қилиш эса динимиз кўрсатмаларида савобли амаллардан ҳисобланади. Бу тўкин ризқни ҳалол йўл билан талаб этиш, бу борадаги ҳаракатларда Аллоҳ белгилаб берган йўлдан чиқмаслик лозим. Алҳамдулиллаҳ, бугун ризқ исташ, тўкинчиликка етишиш учун юртимизда барча шарт-шароитлар мавжуд. Бунинг учун фақат ҳалол меҳнат қилиш, сабр-қаноатли бўлиш лозим. Шунда киши истаган орзу-ниятига етиши мумкин.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қаноатни лозим тутинг! Қаноат туганмас мулкдир”, дедилар» (Имом Табароний ривояти). 
Ҳадиси шарифдан англашиладики, инсон ҳар қанча бойлиги бўлса ҳам қаноатсизлиги туфайли шукр қилмайди, яна бойлик истаги билан ёнаверади. Қаноати бор инсон эса бойликнинг кетидан қувмай, оиласи, элу юрти олдидаги бурчлари ҳақида ҳам бош қотиришга вақт топади. 
Бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб, барча нарсасидан мосуво бўлаётган, осон пул топаман дея одам савдоси қурбонига айланаётган аёлларга айтар сўзим бор: “Сизнинг асосий вазифангиз, эрингизга итоат қилиш. Ҳадиси шарифларда эрининг розилигисиз кўчага чиққан аёл қайтиб келгунича Аллоҳ ва фаришталарнинг лаънатида бўлиши таъкидланади. Аёл аввало она бўлгани учун ҳам эъзозланади, жаннат оналар оёғи остидадир. Сизнинг асосий масъ­улиятингиз фарзанд тарбияси. Шундай экан, мол-мулк илинжида вазифангизни, бурчингизни унутишингиз, аёллик шаънига доғ туширишингиз тўғримикан?!”
Наҳот дунёнинг ўткинчи матоҳлари инсон учун ҳар доим керак бўладиган меҳр-муҳаббатдан азиз бўлса, қисқагина умр давомида яқинлар дийдоридан узоқда юришга арзиса?! 
“Ойдинда ой қидирган ожизалар” кўрсатувидек ёвуз ниятли оқимларнинг асл башарасини фош этувчи, уларнинг таъсирига берилганларнинг аянчли оқибатини ватандошларимизга англатувчи шундай кўрсатувлар кўпроқ намойиш этилса, адашганларнинг қалб кўзи очилармиди?!
 
Абдужалил ОТАМУРОДОВ,
Учтепа тумани “Мирбобо ота” 
жоме масжиди имом-хатиби