Кўрганларим... 
Ёзнинг айни  пишиқчилик палласи. Бозорлар нозу неъматларга тўла. Айниқса, тарвуз, қовун, ҳандалакларнинг  ёқимли иси димоғингизни ёради. Полиз экинлари растасидан ҳандалак олмоқчи бўлиб, сотувчига: “Ака, ширинроғидан иккитасини танлаб беринг, ифторликка...”, дедим.  Савдолашдим, аммо: “Шундоқ ҳам сизга арзон беряпман”, деди. Инсофли сотувчи экан, дея қувондим.  Болалар ҳам ҳандалакка  парвона бўлишди.  Ифтор пайти келиб уни сўйдик. Аммо... Ичи – уруғлари илвиллаб кетган... Иккинчиси ҳам шу аҳвол... болалар кўзларини мўлтиллатиб  қарашганча қолди... Пулим увол бўлгани... Рўза оғиз қийналиб кўтариб келганим алам қилди. 
Қалбимда сотувчига нисбатан норозилик уйғонди. Яхшиямки, Рамазон ойидамиз. Ғазабимни қўзғовчи, дуоибад қилишга ундовчи шайтонлар кишанланган... 
 
Ўқиганларим...
Савдогар молининг айби бўлса, уни харидорга айтиб сотиши керак. Ўзининг аччиқ анорини ўтказиш мақсадида кўргазмага шеригининг ширин анорини кесиб қўйиши, сигирни бир-икки кун соғмасдан, елинини шишириб, бозорга олиб чиқиш, тарозудан уриб қолиш ёки маҳсулотнинг йўқ хусусиятларини бор, деб сотиш каби ёлғон савдо ҳалол эмас. Бундай топилган  мол-мулк баракасиз. Тўғрилик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. 
Муборак ҳадиси шарифда: “Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Имом Термизий ривояти), дейилган.
 
Райҳона Шомирзаева