Устозимникида эдим. Электр таъминоти хизмати ходими келди. Тўлов асносида хонадон эгаси мударрис эканини билиб: «Домла, баъзиларнинг уйига кирсам, пул узатиб, электр ҳисоблагични ортга қайтариб беришимни илтимос қилишади. “Йўқ”, десам: “Давлатнинг мулки бўлса, отангнинг моли эмас-ку, сендан нима кетарди?” деб ко­йишга тушишади. Шунга нима дейсиз?» деб сўраб қолди. Устоз бундай иш ўғриликдан ҳам катта гуноҳ эканини айтган эди, ходим: “Раҳмат-эй, тушунган одамлар ҳам бор экан-ку! Сиздек инсонлар кўпайсин!” деб чиқиб кетди.
Афсуски, орамизда электр токидек катта неъматдан фойдаланиб, ҳақини тўламаслик дардида турли эгриликларга қўл ураётганлар ҳам топилади. Баъзи жойларда электр токининг вақти-вақти билан ўчиб туришига ҳам шулар сабаб эмасмикин?! Бинобарин, бу ҳолатга соҳа мутахассислари куюниб кўрсатаётган сабаб фақат битта – қарздорликнинг кўплиги.
Умар ибн Хаттоб (розиял­лоҳу анҳу) тунда Мадина кўчаларида халқнинг ҳолидан хабар олиш учун айланиб юриб, девор ортидан сутчи она-боланинг суҳбатини эшитиб қолади. Қизи сутга сув қўшмоқчи бўлган онасини: “Бугун сизга нима бўлди? Қилмоқчи бўлган ҳийлангизни халифа кўрмаса, билмаса ҳам, Аллоҳ кўради, билади. Сутга сув қўшиш гуноҳ!” деб қайтаради. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Аллоҳдан қўрқувчи, яхши фазилатли бу қизни ўзига келин қилади. Шу муборак оиладан тарихда “Иккинчи одил Умар” исмини олган Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) ту­ғи­лади.
Бир танишим анча йиллар олдин бўлиб ўтган воқеани айтиб берди: «Ўқишни битириб, ишга жойлашган кезларим. Уйга бир-икки марта ойлик олиб келиб: “Энди мен ҳам оила боқувчиси бўлиб қолдим”, деб ўзимча фахр­ландим. Ўша кунлари электр тармоғи хизмати ходими келганда ҳисоблагични ортга қайтариб беришини сўраб, озроқ пул ваъда қилгандим, кўнмади. Буни отам эшитиб қолган экан. Кечки овқат устида: “Тирик эканман, уйимга ҳаром кирмайди. Мендан кейин нима қилсанг қиларсан, лекин ҳозир электр ҳақини ўзим тўлайман. У етимнинг ҳақидан ҳам баттар-ку, аҳмоқ!” деб қаттиқ танбеҳ бердилар. Бу менга катта сабоқ бўлди».
Хулоса ўзимиздан. Зеро, Аллоҳ таоло тўғри ва ҳалол одамларга: «...Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар...» (Талоқ, 2–3), дея хушхабар беради.
 
Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли