Ўлкамизда қадим даврлардан этник ва диний хилма-хилликка ҳурмат билан қаралган. Асрлар давомида аҳоли яшовчи ҳудудларда масжид, черков ва синагогалар тенг фаолият кўрсатиб, турли миллатга, динга мансуб қавмлар ўз диний амалларини эркин адо этиб келганлар. 
Бағрикенглик, жумладан, ўзга миллат ва элатлар тили, урф-­одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан қараш, уларнинг маданий-маърифий эҳтиёжларини рўёбга чиқаришга имконият яратиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда намоён бўлади. Айнан мана шундай бағрикенг­лик ва сабр-тоқат халқ мадания­ти­нинг беназир намуналарини сақлаб қолиш, асрлар синовидан олиб ўтиш, камол топтириш ҳамда уни қўшни маданий мерослар билан бойитишга ша­роит яратди. 
Ҳанафийлик таълимотини такомилга етказган ватандош­ларимиз – Имом Мотуридий, Абул-Муъин ан-Насафий ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасида ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, Ислом динининг “Аҳли сунна ва жамоа” йўлини қарор топтиришга катта ҳисса қўшдилар. Уларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қад­риятларни тарғиб қилувчи ғоялар кенг ёритилган. Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Таъвилот аҳли сунна” асарида “Черков ва синагогаларни вайрон қилиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”, дея қатъий таъкидланади. 
Абул Баракот ан-Насафий  ўзининг  “Мадорик ат-танзил” асарида “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга яхшилик қилинг”, дейди.
Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарида шундай дейилади: "Чунончи Исломнинг бешта фарзидан бири бўлган закотни олишга Ислом динига эътиқод қилувчилар ҳақли деб ҳукм чиқарилган бўлса, бошқа динга эътиқод қилувчилар ичида ҳам моддий ёрдамга муҳтож кишиларга хайр-эҳсон, садақанинг бошқа ҳамма турлари берилиши мумкин, деб ҳукм чиқарилади. Бунинг далили Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Барча динларнинг аҳлларига садақа бераверинглар”, деган ҳадисларидир".
Ўлкамизда яшовчи турли эътиқодга мансуб одамларни юрт фаровонлиги йўлида жипслаштиришда буюк алломаларимиз асарларида илгари сурилган диний бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, бирдамлик ғоялари муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Бунинг натижаси ўлароқ, бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонни том маънода диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида эътироф этмоқда.
 
Ҳумоюн НОДИРОВ,
Китоб шаҳридаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси