Болалигимда дадам совға қилган «Ўзбек халқ мақоллари» номли китобида:
«Булбул чаманни севар, Одам – Ватанни» деган мақол бўларди. Ўшанда уни болалик тасаввуримга сиғдира олмасдим. Ватан қандайин гўзал масканки, уни ҳамма одамлар севса, дея таажжубланардим. Мен Водилни билардим, Шоҳимардонни билардим, лекин Ватан қаердалигини билмасдим. Бир куни дадамдан Ватаннинг қаердалигини сўрадим. Отам кулиб: «Ватан мана шу қумсувоқ уйимиз, сен кўчаларини чангитиб ўйнайдиган маҳалламиз», дедилар. Тўғриси, ўшанда отамнинг бу гапларига яхши тушунмадим…
 
Талабалик йиллари, малака ошириш сабаби ила хорижда юрган кезларим муомаласию хуш феъли бошқаларга ўхшамайдиган, барчага қўлидан келган ёрдамни беришга тайёр, самимийлиги юзидан билиниб турадиган камтарин миллатдошларимни соғинганимда, отам айтган ўша Ватан ҳақидаги сўзларни англадим.
Чет эл сафаридан қайтарканман, учоғимиз Тошкент аэропортига қўнаётганини барча қарсак чалиб олқишлаётган пайтда, бир қариянинг йиғлай бошлагани эътиборимни тортди. Оппоқ соқоллари ўзига ярашган бу нуроний киши учоқдан тушгунгача йиғидан тинмади. У пастга тушиши билан ерга сажда қилганича ҳўнграб юборди. Унинг тилидан «Шукр, алҳамдулиллаҳ» сўзлари тушмасди.
Мен бу нуронийнинг кимлигини билолмадим. Қария билан роса суҳбатлашгим келди. Лекин унга Ватан тупроғи энг яхши дардкаш эди...
 
***
Марғилонлик Абдусамад ота йигитлик пайтида шўролар зулмидан қочиб, Арабистонга кетади. Ўша ерда уйланди, бола-чақали бўлди. Ҳалол тижорати ила бойлик ва мартабага эришди. «Мен барибир Марғилонга қайтаман», дер эди у. Мустақиллик бўлиб, йўллар очилган пайти Абдусамад ота қариб, ёлғиз узоқ сафарга чиқа олмай қолганди... 
Бир куни отадан ўғиллари сўрашди:
― Ота, сизга нима етишмаяпти?
― Ўз уйимни соғиндим.
― Данғиллама ҳовлида турсангиз, алмисоқдан қолган ўша кулбани нима қиласиз?
― Менинг уйимда сўри бор эди. Унинг ёнидаги дарахт соясида дам олардим.
― Ота, ҳаммасини шу ерда қилиб берамиз.
Ўғиллар сўри ясатишди, атрофига дарахтлар ўтқазишди.
― Сўри остидан анҳор оқарди. Сувлари шилдираб турарди. Тарвузни дуррага боғлаб анҳорга ташлаб, кечқурун сўйиб ердик, – деди ота.
Ўғиллар сўнгги технологияни ишга солиб суви доимо айланиб турадиган сунъий анҳор барпо этишди. Оталари тасвирлагандек анҳорга тошларни солиб, шилдирайдиган қилишди. Албатта, маълум ҳажмдаги сув айланиб тургани билан анҳор бўлолмайди. Ота:
― Бизнинг анҳорнинг шабадаси бўларди, сув бўйида ўсган ялпизнинг ҳиди хонадонимизни тутарди, – деди ҳамон норози оҳангда.
Ўғиллар махсус кондиционер ва вентиляцион тизим барпо қилиб, шабадани йўлга қўйишибди. Ялпиз ҳидли ҳаво пуркагичлардан фойдаланишибди. Ота соғинганларини тополмай борига сабр қилар, лекин қалби таскин топмаётгани юзидан аён эди. Ўғиллари:
― Ота, ҳаммасини ўша уйингиздек қилиб бердик. Яна нега маъюссиз?
― Асрдан кейин ҳовлига анҳордан сув олиб сепардик. Сув сепилган тупроқнинг ҳиди… Ўша ҳидни соғиндим…
 
Даврон РУСТАМ ўғли