Болаликда “Зумрад ва Қиммат” мультфильмини севиб томоша қилганмиз. Аксариятимиз  чиқарган хулоса битта: инсон меҳнаткаш бўлса, муродга етади. Аксинча бўлса, уятга қолади.
Яқинда  ана шу мультфильмни такроран кўрарканман, унинг асл ҳақиқатини англадим: инсонни маҳв этадиган нарса бу унинг мол-дунёга бўлган ҳирсидир! Эртак сўнгида сандиқдан чиқиб, она ва тантиқ Қимматни ямламай ютган аждарҳо – мол-мулк ҳирсининг рамзий бир тимсоли аслида. 
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дунё охиратда бирингизнинг панжасини денгизга   солгани мислича ҳам эмас. Бас, нима ила қайтишига назар солсин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, дунё матоҳлари, моддий бойликлар аслида ўткинчи, бир зум қўлга кириб, бир зумда кетгувчи. Бироқ унинг бир жозибаси борки, инсоннинг қалбига кириб ўрнашса, ҳеч тарк этмайди. Бу ҳам камлик қилгандек, бир кишида пайдо бўлган бу ҳис иккинчисига тезгина “юқиб қолади”. Аввал бошда бирор гўзал нарсани ўзида бўлишини исташ билан бошланган бойиш хоҳиши давом этиб, “аждаҳо”га айланади. Аксар ҳолларда бу ҳирс шу даражада инсонни маҳв этадики, оила­сининг, ўзининг энг асл эҳтиёж­ларини қондириш ҳам малол кела бошлайди. Чунки бойликка ружу қўйиш натижасида тўплаган маб­лағ қанча кўп бўлмасин, камдек туюлаверади. Айрим ҳолларда эса уни янада кўпайтириш пайига тушган инсон ёмон йўлларга ҳам кириб қолади. 
Хўш, динимиз бу масалага қандай қарайди? Мол-дунёнинг асли қиймати қандай? Бу саволларга тўғри жавоб топа билган инсонгина бойликнинг макридан омон қола олади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир” (Ҳадид, 20). 
Таъкид жоизки, ёмғир ёғгач, ер кўкаради, гиёҳлар унади. Сўнг­ра қисқа вақт ичида бу гиёҳлар қуриб, сап-сариқ ҳолга келади. Дунё ҳаёти ичидаги барча нарсалар билан бирга вақтинчалик «яшиллик». Қуръони каримда таъкидланганидек, “...дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир”. Фақат бу алдов изсиз кетмайди: “Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир”. 
Яъни инсон бу дунёда яшаркан,  фарзандига муҳаббати сабабидан,  аксар ҳолларда эса мол-дунёга бўлган ҳирси ортидан гуноҳкор бўлиб қолади. Бу хулосалар бизни асло мол-дунё, фарзандлардан узоқ туришга чақирмайди. Аксинча, инсон булардан огоҳ бўлароқ, буюрилганидек ҳалол йўллар билан уларга эришиши, амр қилинганидек яшаб завқ олиши лозим. Бошқача қилиб айтганда, мол-дунё, фарзанд каби дунё зийнатлари мўминнинг эҳтиёжларини ҳалол йўллар билан қондириб, хотиржам тортиб, Аллоҳ ибодатида қо­йим туришида ёрдамчи бўлиши керак.
 
Нигора МАМАСАИДОВА