Мустақиллик, эрку озодлик тушунчалари замирида чуқур маъно мужассам бўлиб, мус­табид тузумнинг бевосита гувоҳлари буни теранроқ англайдилар, кўпроқ қадрлайдилар. Ўтган асрнинг аёвсиз бўҳронлари шиддатида руҳан топталган халқ ким эди-ю, бугунги ҳурлик, маънавий ўсиш,  миллий анъаналар қадр топаётган даврда ўзлигини англаганлар ким бўлди?! Озод диёримизнинг файзли гўшаларида сайр этарканман, Ватанимиз равнақи, фаровонлиги учун меҳнат қилаётган эркагу аёллар, кексалик гаштини сураётган отахон-онахонлар, илм пиллапояларидан дадил одимлаётган ёшларга – юртдошларимга қараб,  ўзимга шу саволни бераман... 
Кўпдан бери кенжа ўғлимиз хайрли бир ниятни кўнглига тугиб қўйган экан. Онаси иккимизни юртимизнинг муборак қадамжоларига зиёрат қилдириб келди. Таассуротларимиз олам-олам! Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасини кўриб бир таъсирланган бўлсак, Минор масжидида ибодат қилиш бахти насиб этганидан кўнгиллар ўзгача тўлқинланиб кетди. Истиқлол туфайли аслиятга қайтган Бухорои шариф, шарқ гавҳари Самарқандни айланар эканмиз, Аллоҳ азиз қилган заминда яшаётганимиз учун буюк Зотга беадад шукроналар келтирдик. Халқимизнинг шу неъматларга етишига сабабчи Юртбошимиз ҳақига дуо қилдик.
Сафар давомида сирдарёлик қариндошимиз, яқинда муборак умра зиёратидан қайтган Тиркаш бобони йўқлаб, у кишини қутлуғ мақом билан табрикладик. Бобо сафар таассуротлари ҳақида тўлиб-тошиб гапирди. Мустақиллик туфайли бандалик, мусулмонлик бурчини адо этиш имконияти кенгайганига, бебаҳо миллий қадриятларимиз тикланганига шукр, дейди.    
Ватанимиз бўйлаб қилган сафаримиз чоғида байрамларни нишонлаётган, тўй-ҳашамлар қилаётган, орзу-ҳавасларига эришаётган юртдошларимизни кўриб, кўнглим фахрга тўлди. Ваҳоланки, эртага ҳам кун бормикин, деган ҳадик билан тунда ёстиққа бош қўядиганлар бор бу дунёда. Яна кимнингдир ёстиғи – тош, тўшаги – қоқ ер. Бунёд этганидан вайронаси кўпроқ мамлакатлар йўқ дейсизми? Жаҳолатдан, разолатдан, ҳақсизликдан, эрксизликдан толиққан миллату элатлар қанча бу дунёи дунда! Хуллас, юрагига байрам эмас, қил сиғмаган халқлар бор. Уларнинг Яратгандан ўтинчи битта: тинчлик бўлсин, омон бўлайлик...
Бизнинг осойишталик, хотиржамликда отаётган ҳар бир тонгимиз нақадар беқиёс неъмат. Бундай юртда яшамоқ – бахт! Унинг тинчлиги, дахлсизлигини асрашга ҳисса қўшиш шарафдир!  
 
Мухторали СУЛТОНҚУЛОВ, 
меҳнат фахрийси