Ҳа, тилнинг жони бор экан. Бекорга жонли тил деб аталмас экан.
Агар тилни хазина десак, у кўмиб қўйилган ё сандиқда сақланадиган хазина эмас, балки ипак қурти каби тирик хазина экан.
Ҳозирги замонда кичкина дискеталарга сиғиб кетган юз минг сўзлик луғатлар менга гугурт қутисига жо бўлган сонсиз пилла уруғини эслатади.
Хитойдан қадимда бу уруғни ҳасса ичида яширин олиб чиққан сайёҳ ангишвонадек тешикчадан оламга битмас хазина тарқатган эди. Ўша сайёҳ ўзбек бўлганига менда шубҳа йўқ.
Ажабо, тариқдек уруғдан жонивор униб чиқиб пилла ўраши, капалакка айланиб учиши биз юқорида тилга олган ва тилга олмаган минг-минг сўзларнинг замон ва макондаги эврилишларини эслатмайдими?
Тил – хазина. Улкан адибимиз Пиримқул Қодиров ёзганидек, эл ганжинаси. Ҳеч бир инсон, мен тилшунос ёки ёзувчи эмасман, деб ўзини четга олмаслиги керак. Бу ганж соҳиблари ҳам, посбонлари ҳам – барчамиз.
Мустақиллик йилларида маънавиятимизнинг узвий қисми бўлган она тилимиз ривожи учун талай амалий ишлар қилинди. Беш томли “Изоҳли луғат” улкан жамоа меҳнатининг маҳсули бўлди. Саноқсиз илмий ишлар чоп этилди, издиҳомлар ўтказилди.
Лекин қилинадиган ишлар беҳисоб.
Муҳтарам Президентимиз Ислом Кари­мовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида тил маданияти тўғрисида айтилган фикрлар, адолатли танқидий мулоҳазалар бизни ўйлатмоғи, сафарбар қилмоғи керак:
“Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур…
Айни вақтда жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозимлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Айниқса, баъзан расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элементларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз”.
Бу сўзлар ёлғиз тилшунос олимлар ёки қалам аҳлига эмас, балки барча зиёлиларга, миллатнинг барча вакилларига қарата айтилган мурожаатдир.
Дарҳақиқат, тилни англаш, сўзни идрок этиш ўзликни англашнинг узвий қисми ҳисобланади.
Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегандай биз баъзан ўз она тилимиз бойликлари, назокати, ҳусну тароватини теран билиб ҳис этолмаймиз. Оғзимиздан чиққан сўзнинг тагзаминига етмаймиз. Гап кўп, кўмир оз, деб қўямиз-у, нега шундай дейишимизни чуқур ўйлаб ўтирмаймиз.
Она тилимиз меҳри ва ғурури кўнгил­ларга илҳом, тоғларни талқон қилгудек куч-қувват бағишласа ажаб эмас.
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири