Ҳар гал китоб жавонимиздаги қалин яшил китобга кўзим тушганда, қалбимдан хижолатлик билан армон қоришиб ўтади. Авваллари бу кечинма мисоли пар булут каби эди, йиллар ўтгани сайин оғирлашиб, қуюқлашиб бораётгандай.
1980 йиллар. Хизмат сафари билан  республикамиз вилоятларидан бирига бордим. Одатим бўйича китоб дўконига кирдим. Яшил муқовали чиройли китоб диққатимни тортди. Кириш сўзидан ғарбнинг қадимги машҳур файласуфларидан бирининг қаламига мансуб эканини билдим, харид қилдим.
Тошкентга қайтгач, ижодкор ва олим қадрдонлар билан бир суҳбатда сотиб ол­ган китобларим ҳақида сўз очдим. Машҳур файласуфнинг асарлари тўплами тўғ­рисидаги гапимдан бизга институтда дарс берган олимнинг кўзлари чақнаб кетди. Тарқаларканмиз, домламиз ҳалиги китобни ўқиш учун сўради, келтириб бердим. Маълум муддатдан кейин қайтариб олдим-у, лекин қаерда учрашиб қолсак, ўша китобни бутунлай беришимни сўраб, эвазига бошқа асарлар таклиф қиларди. Менда, очиғи, шундай китобим борлигидан қувончу унинг чиройига ишқибозлик кучли эди, холос. Чунки ўшанда рус тилига таржима қилинган бу асарни англаб, тушуниб ўқишга билимим, сўз бойлигим етишмасди. Бошқа нарса бўлганда, устозимнинг илтимосини қайтармасдим, аммо китобни бермаслик айб эмас, деган фикрда эдим. Хуллас, илтимослари жавобсиз қолди.
Йиллар тез ўтди. Ўн беш йилча аввал ҳалиги устозимиз вафот этди, адабиётшуносликка оид бир неча илмий китоб­лари мерос бўлиб қолди. Ҳар гал уларни ўқиганимда, устозимизда ҳаёт ва бадиий воқеликни теран кузатиб, фалсафий хулоса чиқаришга мойиллик кучли бўлганини ҳис этаман. Китоб жавонимни қарийб қирқ йилдан буён “безаб” турган ўша чиройли қалин яшил китобни эса ёлчитиб ўқиганим ҳам йўқ. “Бизга куюнчаклик, талабчанлик билан икки йил давомида билим берган устозга шу китобни нима учун чин дилдан тақдим этмадим? Ҳатто сўраганлари учун миннатдорчилик билан ҳадя қилсам бўларди-ку!” деган хаёллар мени қийнайверади. Ва яна... у киши жуда ориятли, андишали одам эди, шогирдидан китоб сўраши осон кечмагани аниқ.
Худди кўпчиликка хизмат қилиши мумкин бўлган бойликни сандиққа қулфлаб, ўзинг ҳам, бошқалар ҳам ундан наф олмагани каби; гўё мевалари пишиб ётган боғ йўлларини беркитиб, Аллоҳ неъматларини ҳеч кимга раво кўрмагандек; эзгуликни ўзигаям, ўзгаларгаям илинмайдиган бахиллик туйғусига қул бўлгандек... хуллас, мен ҳам маънавият дунёсининг бир тола нурини  уйимга “қамаб” олибман-у, ундан баҳраманд бўлишга интилган қалб йўлини жаҳолатим, енгил-елпи ҳавасим билан тўсибман. Эҳтимол, бу китоб чин эгасининг қўлига, кўнглига етиб борганда, уни тушуниб мушоҳада этадиган инсоннинг сўзи, фикрлари орқали бошқаларга ҳам билим, маънавий зиё таратган бўлармиди?!.
“Балки, фарзандларим, невараю эваралар қизиқиб ўқир бу китобни”, деб ўйлайман-у, аммо назаримда, китобнинг ҳам умри бордек. Яхши асар ҳар лаҳза, ҳар куни қалбларга нур, эзгулик, маърифат улашишга қодир. Китоблар умрининг зое кетиши – жамият аъзоларининг ана шу саодатдан бебаҳра қолишидек гап... буни жуда кеч англадим.
Муҳтарама УЛУҒОВА