Биз катталар баъзан болаларимизни китоб ўқимаётганликда айблаб, нолиймиз. Улардан ранжишдан олдин ўзимизга савол берайлик:
“Боламизга охирги марта қачон ва қандай китоб олиб бердик?”
“Бирон асар ўқиб, уларга намуна бўлдикми?”
Бу саволларга бемалол “йўқ”, дея оламиз. Фарзандимизга намуна бўлиш тугул, гоҳида: “Китоб ўқиб ким бўлардинг? Сенга ош-нон берармиди?” дея дашном беришимиз ҳам сир эмас.
“Бафуржа гаплашайлик, – деди муаллим мактабдаги ота-оналар мажлисида ёнимда ўтирган ўқувчининг онасига. – Китоб, энг аввало, боланинг туйғуларини тарбия­лайди. Феъл-атворидаги нуқсонларни кўришни, уларни бартараф этишни ўргатади. Инсонлардаги ижобий ва салбий жиҳатларни ажратишга кўмаклашади. Содда тил билан айтганда, яхши-ёмонни ажратади...”
Кейин билсам, фанларни ўзлаш­тиришига ёрдамлашиш, хотирасини мустаҳ­камлаш учун жонкуяр ўқитувчи ўқувчисига бадиий китоб мутолааси ва шеър-ғазаллар ёдлаш вазифасини юклар, тарбиянинг асосий қуроли  китоб эканини оналарга шу йўл билан тушунтираркан.
«Ўғлимнинг тоби қочиб касалхонага тушиб қолдик, – дейди бир суҳбатдошим. – Палатамизга оғир касаллар бўлимидан Эркинжон исмли болакайни олиб чиқишди. Хокисоргина қишлоқ аёли дилбанди кўзини очганидан хурсанд бўлиб тинмай йиғлар, атрофида парвона бўларди. Бир пайт бола нимадир деб ингради. “Сув сўраяпти, шекилли”, дедим. Онаизор боласининг қуруқшаган лабларига қулоғини тутди. Кейин жилмайиб: “Ўқиб юрган китобларини сўраяпти”, деди. Эртасига боланинг дадаси уч-тўртта китоб олиб келди. Эркинжон ётган жойида тинмай китоб ўқир, унинг ҳаракатларини ўғилчам жимгина кузатарди. Бемор боланинг юзларига ранг киритган унинг севимли китоблари бўлди. Жуда таъсирландим. Шу она каби фарзандимда китобга муҳаббат уйғотолмаганимдан уялиб кетдим. Касалхонадан чиқишимиз билан ўғлимни етаклаб, китоб дўконига олиб бордим. Эркинжонга, онасига раҳмат. Унинг келажакда баркамол инсон бўлишига ишонаман...»
Ёш онанинг мулоҳаза­ларидан мен ҳам таъсирландим. Эркинжоннинг китобга муҳаббати ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган ёки унинг мутолаасидан нариги болакай ҳам дарров таъсирланиб кетмаган. Ҳар иккала воқеага ҳам оналар сабабчи бўлган, ўз туйғуларини, эзгу-ниятларини болаларига тўғри сингдира олган. Зеро, маънавий, руҳий қувват онадан болага ҳеч қандай қаршиликсиз ўтади. 
Оналаримизнинг бугунги кунда болаларини тергашларига гувоҳ бўлиб, “Қандай кино кўряпсан?”, “Қандай ўйин ўйнаяпсан?”, “Интернетда нима қиляпсан?” каби сўроқларини эшитиб, зийраклигидан қувонаман. Эндиликда уларнинг юрт камоли, насли давомчиси бўлган азиз фарзандларига: “Қандай китоб ўқияпсан, дилбандим?” деган сўровлари ҳам бўлишини жуда истардим...
Маъмура АБДУРАҲИМОВА,
Фарғона вилояти