Андижон вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар ишлари бўйича ёрдамчиси Саодатхон РАСУЛОВА билан мулоқот

– Кейинги йилларда рес­публикамиз маҳаллаларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, вилоят бош имом-хатибларининг хотин-қизлар ишлари бўйича ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилди. Бу ишга тайинланган шахс­лар зиммасидаги вазифалар ҳақида гапириб берсангиз?

 
– Хотин-қизлар ўртасида диний-маърифий тарғибот олиб бориш, Республикамиз аҳолисининг 92 фоизи эътиқод қиладиган Ислом динининг ҳанафий мазҳаби ақидаларини аёллар ва ёшлар онгига чуқур сингдириш билан бирга, давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, тарғиб қилиш – бизнинг асосий вазифамиз. Жойларда кундалик ҳаётда ҳамиша долзарб бўлган оила ва никоҳ, ёшларни мус­тақил ҳаётга, жумладан, оилавий турмушга тайёрлаш, таълим-тарбиянинг муҳим жиҳатлари, одоб-ахлоқ каби  йўналиш­ларда маҳалла фуқаролар йиғини, хотин-қизлар қўмиталари, ички ишлар бўлимлари, тиббиёт ходимлари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият олиб борамиз.
Юртбошимиз мамлакатимиз мустақиллигини кўра олмайдиган бузғунчи оқимлар қаерда маънавий бўшлиқ бўлса, ундан ўз ғаразли ниятлари йўлида фойдаланишга уриниши ҳақида бундан бир неча йиллар муқаддам огоҳлантирган эдилар. Ҳозирги даврда жамиятимиздаги терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси каби иллатлар билан боғлиқ муаммолар – маънавий-маърифий ишларда эътиборимиздан четда қолган “бўшлиқ”лар кас­ри. Айни кунда дунё аҳлининг муштарак муаммосига айланган бу иллатларга  қарши курашиш ва аҳоли онгида уларга қарши кучли “иммунитет” ҳосил қилишда Президентимизнинг асарлари, Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “ИШИД фитнаси”, “Интернетдаги таҳдид­лардан ҳимоя” каби китоб­лар дастур-қўлланма бўлмоқда.
 
– Кўриниб турибдики, вазифалар кенг қамровли. Аҳолининг турли қатламлари билан ишлаш керак. Бунинг учун фақат билим ва тажриба эмас, одамларнинг қалбига йўл топа билиш маҳорати деймизми ёки вазиятни чуқур ҳис этиш хислатими... зарур бўлади. Шундай эмасми?
 
–Маънавий-маърифий ишларга масъул шахслар турли вазиятларда ўша жойга муносиб гапириши ва ўзини тута билиши керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ўз ҳадисларида таълим берганлар. Айтайлик, аза маросимларида кўпчилик одам бўлади, лекин у ердаги вазият ортиқча гапларни кўтармайди. Бундай пайтда марҳумнинг ижобий фазилатлари, оила ва жамиятда тутган ўрни, чиройли ишларини эслаш билан йиғилганлар қалбига ўтган инсондан миннатдорлик, розилик туйғуларини кирита олишимиз керак. Бу тириклар учун катта ибрат бўлади.
Тўйлар, байрам тадбирлари, турли кечаларнинг йўриғи бош­қа: халқнинг аҳиллиги, бирдамлигининг чиройли самараларидан тортиб ҳар кимнинг жамиятдаги ўрни, муомала-муносабату кийиниш маданияти, тежамкорлик, ободончилик, атроф-муҳитни асраб-­авайлаш каби мавзуларида ҳаётий мисоллар келтириб суҳбатлар ўтказиш мумкин. Ҳар қандай вазиятда ҳам фикрларимизни Қуръон оятлари ва ҳадислар билан далиллаб гапирсак, асосли ва таъсирли бўлади. Шу ўринда бир фикрга эътибор қаратмоқчиман: вилоятимизда аёллар иштирокида ўтказиладиган эҳсон маросимларининг ортиқча чўзилиб кетмаслигига ҳаракат қиляпмиз. Чунки эркаклар ҳар қандай эҳсонни қисқа вақт ичида якунлаб тарқалишади-ю, аёлларнинг йиғинлари баъзан бир кунлаб давом этади. Нима, уларнинг иши йўқми? –Буни тартибга солиш учун эҳсонларни бир-бир ярим соат ичида якунлашга келишиб олганмиз. Маслаҳат билан маърузачи беш-етти дақиқа атрофида муҳим мавзуда амри маъруф қилади, Қуръон тиловати билан тадбир якунланади. Шунда айримларнинг иккита-иккита бўлиб олиб кераксиз гап-сўзлар билан шуғулланишига, уй ёки кўчада болаларнинг ёлғиз қолишига озми-кўпми чек қўйилади, вақтни қадрлаган ҳолда ҳаммани ўз ишига йўналтиришга ҳаракат қиламиз.
 
– Халқимизнинг муқаддас Ислом динимизга чуқур эътиқоди, уни ўрганиш ва кўрсатмаларига амал қилишга интилиши диний уламолар, хоссатан, отинойиларга бўлган ҳурматида ҳам яққол кўринади. Ана шундай муносабатга лойиқ бўлиш, уни сақлаб қолиш нималарга боғлиқ, деб ўйлайсиз?
 
– Биз қаерда бўлмайлик, зиммамизда устозлик, муаллималик масъ­улияти борлигини; сўзимиздан тортиб ҳар бир хатти-ҳаракатимизгача кўпчиликнинг эътиборида эканини эсдан чиқармаслигимиз керак. Шунинг учун отинойи  ички ва ташқи дунёси билан ибратли, билимли, маданиятли, оиласида ҳам қадр-қиммати бўлган, диний ва дунё­вий илмлардан хабардор бўлиши керак. Агар унинг дунё­вий, исломий билим салоҳияти етарли бўлмаса, давлатимиз ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўйилаётган вазифаларни бажаролмайди. Йиғинларда отинойи­ни сийлаб давра тўрига таклиф этадилар. Юқорига чиқишнинг ҳам масъулияти бор. Эл ичида ҳурмати бўлмаган кишининг гапига ҳеч ким қулоқ солмайди. Обрў олиш ва уни сақлаб қолиш эса ҳар кимнинг ўз меҳнати, маърифати, маънавияти эвазига бўлади. Оиласи нотинч аёлни жамоатга намуна, йўлбошчи қилиб кўрсата олмаймиз. Халқ қалбида ҳар бир инсоннинг ички ва ташқи дунёси худди ойнада акс этган каби кўриниб туради. Келинга маслаҳат беришдан олдин отинойи ўзи ибратли қайнона бўлиши керак. Отинойилар бу талабларни англаган ҳолда билимларини оширишяпти, яхши тажрибаларни ўрганишяпти, маҳаллалардаги хонадонларнинг аъзолари ҳамда шароитларини яхши биладилар. Оилалар тинчлигини мус­таҳкамлашда, қарияларни қадрлаш ҳамда эътиборли бўлишда, ёрдамга муҳтож бўлган қатламнинг оғирини енгил қилишда уларнинг ҳиссаси катта.
 
– Оммавий ахборот воситаларида, йиғин ва тадбирларда ҳар қанча бонг урилса-да, айримларнинг онгига етиб бориши қийин бўлаётган ва бунинг оқибатида жиддий муаммолар келиб чиқаётган масалалар ҳам борми?
 
– Шаръий никоҳ, унинг олдига қўйиладиган вазифаларни тушунтириш билан боғлиқ ишларимиз оқсаяптими, балки сиз айтганингиздек, ҳар қанча бонг урилса ҳам, кимлардир унинг аҳамиятини ҳис қилмаяптими...  Куёв томоннинг ваъдасига ишониб, ФҲДЁ бўлимларида никоҳи қонуний расмийлаштирилмасдан узатиб юборилган қизларнинг тақдири баъзан боши берк кўчага кириб қоляпти. Агар унинг рўзғорида нотинчлик бўлса, қонун олдида мажбурияти бўлмаган эркак уйи­дан ҳайдаб чиқариб, оиланинг бузилиб кетишига, болаларнинг отасиз қолишига сабаб бўлади. Аёлнинг на яшаш жойи талаб қилишга, на боласи учун нафақа олишга расман ҳуқуқи бўлмайди. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини, ФҲДЁ бўлимлари билан мустаҳкам алоқада иш олиб боришимиз, ҳужжатларнинг вақтида тўғри бўлишини назорат қилишимиз керак. Камолга етаётган фарзандларимизга никоҳнинг аҳамиятини, оила қургандан кейин турли вазиятларда ҳар хил гапларни ўйламасдан айтиб юборишнинг оқибатларини тушунтиришимиз зарур.
Айрим қайноналар 18-20 ёшга кирган қизларни ҳамма ишни тўлиқ билади, деган фикр­да келин қиляптилар, ўзларининг худди шу ёшда нималарни билганларию нималарни билмасликлари эсларидан чиқиб қоляпти. Аслида, келин рўзғор тутишни, янги хонадондаги одамларга муносабатни қайнона мактабида шароитга мослаб ўрганишни давом эттириши керак.
Кийиниш маданияти билан боғлиқ муаммолар дилимизга озор беряпти. Қизларнинг калта кийимлар, тор шимлар кийишини тиббиёт ҳам оқламайди. Бундай либослар улар келин бўлганида ҳомиладорликнинг оғир ва асоратли кечишига ва ҳатто, бепуштликка ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини шифокорлар куйиниб гапирмоқдалар.
Хуллас, аёлларни, фарзандларимизни ёшлигидан имон-эътиқодли, халқу Ватанга, чуқур мантиқий асосларга эга бўлган миллий қад­риятларимизга муҳаб­бат, ҳурмат, садоқат руҳида тарбиялаш – барча муаммоларнинг ечими, ишларимизни ана шу мақсадларга йўналтириш – масъулиятли бурчимиз ҳамда бугуннинг талаби.
 
Муҳтарама УЛУҒОВА 
суҳбатлашди.