Дала четидаги ариқ бўйида ўт-ўланлар ўсарди. Айниқса, Ажриқ... У шунчалар барқ уриб ўсдики, ариққа осилиб тушиб, сувнинг йўлини тўсар, кокилларини зилол сувда юварди. Қуёшбобо унга меҳр нурларини сочарди. 
Лекин Ажриқ негадир ўзга шаҳарларнинг ҳаётини орзу қила бошлади, фикру ёди узоқ-узоқларга кетиш эди. Бундан хабар топган Қамишбобо бош чайқаб, “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу” дея уни огоҳлантирди. Бошқа майсалар ҳам унга ўз юртида шук­рона қилиб яшашни уқтиришди. Бироқ уни ҳеч ким йўлдан қайтара олмади...
Мана, у ёт шаҳарнинг гўзал кўчаларидан бирининг четида, кенг ва яшил майдондаги майсалар орасида ўсмоқда. Келганига бир неча ой бўлди, бироқ бир марта ҳам ҳали қуёш юзини кўрмади. Тепасида савлат тўкиб турган кекса эман ва грек ёнғоғи дарахти Қуёшбобо юзини тўсиб, тангадек ҳам офтоб туширмас эди. Энг ачинарлиси – бу ерга келган куниёқ унинг узун-­узун кокилларини қирқиб ташлашди. Бу ерда тўйиб сув ичиш ҳам йўқ. Майдондаги фавворалар гоҳ-гоҳида унга садақа бергандек, юзларига сув сепарди, холос. Оҳ, ўз Ватани – даладаги ҳаёти қандай роҳати жон эди-я!
Ана, ўша кунги моторли ўроқ яна келди. У Ажриқнинг куни кеча ўсиб чиққан энг сўнгги умид шохчаларини яна қирқиб кетди. Ажриқ дилхун йиғлади...
 
Ҳаёт новдасида турганда япроқ,
Унинг соясида яшадинг, бироқ,
Куз келиб “чирт” этиб узилган чоғда,
Менсимай кўксига босмагин оёқ.
 
Муҳаммад МАТАЕВ,
журналист