Ёз. Бутун мавжудот иссиқдан ҳансирайди. “Ғир” этган шабада йўқ. Одамларнинг назаридан четда қолган ёлғиз ниҳолнинг япроқчалари иссиқдан қорайган, чанг босган ва “сув-сув” дея инграшади. Афсуски, ҳеч ким ниҳолнинг ноласига қулоқ тутмас эди. Ҳатто дайди шамол ҳам уни мазах қилиб, гоҳ чанг­га белар, гоҳ новдаларини тортқилаб, танасини дол қилишга уринарди. Ниҳолнинг эса дилхун йиғлашдан ўзга чораси йўқ эди. Лоақал қушлар ҳам у билан дўстлашмади, шохига қўниб, дилбар қўшиқларини куйламади. Фақат самодан Булутбобо аҳён-аҳён унга раҳм-шафқат қатраларини ато этарди. Бу ниҳолнинг ҳаётга бўлган умидини кучайтирар, иродасига қувват берарди.
Ниҳолнинг бошига тақдир не-не кунларни солмади. У таслим бўлмади, умидсизликка тушмади. Бутун вужуди ила ҳаётга талпинди. Ҳатто тунги шудринг қатраларига ҳам шукр қилди, исроф қилмади. Жон сақлаш учун у томирларини заминга янада чуқурроқ қадарди...
Орадан йиллар ўтди. Йўл четида ёлғиз дарахт барқ уриб ўсмоқда. Шохларига қушлар ин қурган. Майин эсган шабада эса унинг бошини силайди. Остидаги ариқда шовуллаб сув оқади. Иссиқдан лоҳас бўлган одамлар шу дарахт остида жон сақлашади. Бу – ўша ниҳол эди.