Яқинда ақиқа маросимларидан бирида мезбон – қайнона келинининг онасига: “Шундай қиз тарбиялаганингиз учун раҳмат!” деб чин дилдан ташаккур билдирди. Ақиқа тугаб, меҳмонлар тарқалаётганида аёлларнинг ўзаро суҳбатидан бир кун олдин қизнинг онаси сарполар, саватлар билан келгани, қудасига ҳам тилла тақинчоқлар совға қилганини эшитиб қолдим. Кўнглимдан: “Бояги ташаккурлар ҳақиқатан ҳам самимиймикин?” деган савол ўтди. Чунки айрим ота-оналар сепларни ошириб-тошириб юборишяпти. Бу билан ўзларига обрў, қизларига эса янги хонадонда қадр, иззат топмоқчи бўлишади. Энг ачинарлиси, келин томонга тамагирлик қиладиган куёвлар ҳам бор. Ваҳоланки, рўзғор бошлиғи ориятли, ҳамиятли, меҳнатсевар бўлса, оила тинч-тотув, бахтли ҳаёт кечиради.
Тўйдан олдин уйини энг зарур анжомлар билан жиҳозлаб қўядиган йигитлар кўпайиб бораётгани қувонарли. Улар келин томонидан қимматбаҳо сарполар юборилишини исташмайди, озиқ-овқатлар олиб келинишига қатъиян қаршилик билдиришади. Яқинда маҳалламиздаги бир онахон сўзлаб берди:
– Неварамнинг кўзи ёриди. Урф экан деб суюнчига бир телевизор олиб бордик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, куёв онаси билан кириб келди.
– Ўргилайлар, – деб гап бошлади қуда­миз. – Олиб борган телевизорингиз учун минг раҳмат. Лекин хафа бўлмайсиз, биз унга муҳтож эмасмиз. Шунақа ишлар эл орасида одат тусига киришига биз ҳам сабабчи бўлмайлик. Совғангизни қайтариб олиб келдик, буни маҳалла-кўй, қариндош-уруғларга айтсангиз, токи бошқаларга ибрат бўлсин. Яхшиси, дуо қилинглар. Ўғлимиз эҳтиёжига керакли нарсаларни ишлаб топган маблағига сотиб олсин.
Афсус, “Қизни бешикка, сепини сандиқ­қа сол”, деган удум ҳалигача давом этиб келяпти.  “Қудам фалончига ўхшаб ундоқ-бундоқ қилмади. Нима, менинг ўғлим бошқалардан камми?” дейдиганлар ҳам оз эмас.
Эрлар аёлига меҳрибон бўлиши керак­лигини кўп тарғиб қилиш муҳим. Агар оила раиси қодир бўлса, кир ювадиган машина олиб берса, қандай яхши. Баъзи хонадонларда ҳар куни неча марта пишир-куйдир қилинадиган ошхонанинг аҳволи ёмон. Унда соатлаб қозон қайнатадиган аёлнинг оёғидан зах уриб кетади. Эркак аёлини авайласа, унга яхши шароит яратиб берса, ҳар хил касалликлар келиб чиқиши ва уларни даволашга қанчалаб маблағ сарф бўлишининг олдини олади-ку!
Маънавий-маърифий тадбирларда қизларга қимматбаҳо кийим, буюмлар тўплаш ўрнига, уларни келажак ҳаётга тайёрлашга ёрдам берадиган китоблар сотиб олишни, фарзандларни китоб ўқишга даъват қилишнинг аҳамиятини аёллар онгига сингдиришга интиляпмиз. Мутолаа ёшларнинг маънавияти, дунёқараши, жамиятда ўзини тутишига ижобий таъсир кўрсатишини, билим ва ҳунар ўрганишига, ҳаётда ўрнини топишига ёрдам беришини кўпчилик англаб боряпти. Шунданми, кейинги пайтда қизлар сепига ҳаёт сабоқлари ёритилган асарларни ҳам қўшиш, тадбирларда эҳсон сифатида китоб бериш анъанага айланмоқда.
 
Зиннурахон АБДУРАЗЗОҚОВА,
Наманган вилояти бош имом-хатибининг 
хотин-қизлар ишлари бўйича ёрдамчиси