Ҳар куни эрталаб ишга кетаётиб, метронинг “Буюк ипак йўли” бекатига зинадан тушаверишда кўзойнакли, ҳассага таянган юпун чолнинг садақа сўраб турганига кўзим тушарди. Уни кўрган одам раҳми келиб, албатта, чўнтагини кавлайди. Бир куни одамлар оқими камайганида ундан: “Ҳеч кимингиз йўқми?” деб сўрадим. У дағал оҳангда: “Ҳеч кимим йўқ. Мен ёлғиз бечораман!” деб жавоб қилди. Савол берганимдан уялиб кетдим. Баъзилар: “Ишингиз нима? Шундай ҳам кўриниб турибди-ку бечоралиги”, деб менга дашном беришди.
Шунда бир одам мени четга тортиб, қизиқ гап айтди: гадойни ҳар куни эрталаб чет эл машинасида олиб келишаркан. У соат 7 дан 9 гача, атиги 2 соат шу ерда “пост”да тураркан. Сал наридаги барзанги йигитни имо билан кўрсатди: у гадойнинг қўриқчиси экан. Мен чолга мурожаат қилганимда, у ҳам чолнинг тақдири билан қизиқаётган одамдек ёнимда эди! Менга ўхшаган қизиқувчиларга: “Чол бечорага озор берманглар. Яхшиси, эҳсон қилинглар, савоб бўлади”, мазмунида гап айтаркан. «Гадойни танийман, – деди суҳбатдошим, – ҳовлиси бор, яшаш шароитлари яхши, бу ерда ҳимоячиси паноҳида “бизнес” қилади!»
Бу гапларга унча ишонмадим-у, дам олиш куни уни кузатишга қарор қилдим. Эрталаб, соат 9 дан ошганда ўша мет­ро бекатидаги катта савдо дўкони орқасига ўтиб бораётганини кўриб, секингина унга эргашдим. Хилватроқ жойдаги қўлбола стол устига уюм пулни тўкиб, тахлай бошлади, яқинлашганимни сезмади.
– Ота, топишингиз зўр экан-ку. Ҳар куни шунақа даромад қиласизми? – дедим.
– Одамлар ўзлари дилдан чиқариб беришди. Садақа – радди бало. Бу пулни менга Худо етказди.
– Сиз агар муҳтож бўлсангиз, одамлардан бир кунлик насиба сўрашингиз мумкин. Олдингиздаги пулга бир ой яхши яшаса бўлади-ку.
– Ишинг нима? Йўлингдан қолма! Текширмаган битта сен қолувдинг. Ёки берган пулингни қайтарайми?
Бошқа бир кун тасодифан шу гадой билан ошхонада юзма-юз келдик. Кийимлари башанг, кўринишидан ҳеч ким уни тиланчи деб ўйламасди.
Катта йўлнинг бу бетида бошқа гадой ҳар замонда пайдо бўлади. Тўхтаб турган автобусларга чиқиб, садақа сўрайди. Уни кейин “Чилонзор” метро бекатида ҳам кўрадиган бўлдим. Бир кун пайт топиб, уни саволга тутдим. Тирикчилигидан нолиди. “Хоҳласангиз, ҳокимиятга мурожаат қилиб, сизни қариялар уйига жойлаштиришга ёрдам берайлик”, дедим. Суриштирсам, бу одамнинг уч (!) ўғли бўлиб, ҳаммаси ишлар экан!
– Наҳот уч ўғил бир отани боқолмаса? Сизнинг бундай аҳволда юришингиз уларга иснод эмасми? – дедим.
– Ота касб. Шу ишни қилмасам, бошқа топганим татимайди, – дея очилди тиланчи.
Якшанба кунлари кўчамизга лўли-гадойлар гуруҳ-гуруҳ ташриф буюришади. Бир йигит, 24–25 ёшлар чамаси, бутун ­оила (отаси, онаси, хотини, икки бола)сини етак­лаб, дарвозани ҳасса билан тақиллатиб келди. “Аллоҳ йўлига, олис юртдан келдик, хайр қилинглар”, дейди.
– Э, шундайми? – дедим. – Болаларни нега олиб юрибсиз? Уларни ҳам тиланчиликка ўргатяпсизми? Ёш йигит экансиз, ишласангиз бўлади-ку!
– Эй ако, тиланчилик – бизга ота касб. Эшикка келганни қуруқ қайтарманг. Шу болаларга раҳм қилинг. Савоб олинг. 
Нон берсам, олишмади. Пул керакмиш!
Ҳа, садақа қилиб савоб олиш керак! Тўғри, ёрдамга муҳтож одамлар бор. Лекин улар ҳеч қачон қўл чўзиб, тиланчилик қилганини кўрганмисиз? Шундай одамларга оғир ботмайдиган қилиб ёрдам бериш керак.
Садақани етим боқаётганларга, ёлғиз­ларга ва оғир бетобларга, узоқ жойдан келиб, стипендияга илинмай ёки пул тўлаб ўқиётган талабаларга берган яхши эмасми? Йўлларни таъмирлаш, дарахт экиб, обод қилиш, мевасини улашиш савоб эмасми?
Ночор оилалар фарзандларининг суннат тўйини маҳаллаларда жамоатчилик йўли билан ўтказиш одатга айланиб бормоқда. “Чилонзор Оқтепа” маҳалласида бир тадбиркор болалар учун ажойиб спорт майдончаси қуриб берди. Болаларнинг завқ-шавқ билан футбол ўйнаётганини кўриб, кўзингиз қувонади. Бундай мисоллар кўп. Бу ҳам садақанинг ўзгинаси-ку.
Динимизда, очликдан ҳалок бўлиш хавфи туғилса, камбағал одамнинг бир кунлик таоми миқдорида тиланишга рухсат берилган. Ундан ортиғи эса, ҳалол бўлмайди.
Ҳозирги тўкин, ишлаш, ҳалол меҳнат қилиш учун барча шароитлар муҳайё замонда киши бу даражада муҳтожликка тушиб қолиши мумкин эмас. Меҳнатга лаёқатсиз, боқувчисини йўқотган кексалар, ногиронларни эса давлат ҳимоясига олган. Қолаверса, халқимиз ён-атрофидаги ёрдамга муҳтож одамга лоқайд қараб турмайди. Ҳақиқий эҳтиёжмандларни йўқлаш, қўллаб-қувватлаш қадимий анъаналаримиздан бири.
Демак, кўча-кўйда жулдур кийим ва бечораҳол кўринишда йўлимизни тўсиб тиланаётганлар жамиятнинг кўркига доғ солаётган қаноатсиз кимсалардир. Уларнинг оч кўзлари тўймайди, нафси қонмайди. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади”.
 
Анвар ТОЖИЕВ,
фахрий журналист