Тўрт ёшли ўғлимнинг одати бор: қачон тилагига қарши чиқсам, уришсам ёки бирор сўровига рад жавобини берсам, мунчоқ кўзларини менга тикиб: “Мен сизни яхши кўрардим”, дей­ди. Сўзлашувимизнинг одатий қисмига айланиб қолган бу сўзга унчалик эътибор ҳам қилмайман. Бироқ галдаги ана шундай суҳбатдан сўнг бир муддат ўйланиб қолдим. Мурғаккина болам, ҳар гал хафа бўлганида нега яхши кўрганини таъкидлайди? Уни саволга тута-тута шуни англадимки, боламнинг онгида яхши кўриш жуда қийматли бир эваз бериш. Биров сени яхши кўрса, сен унинг яхши илтимосларини рад этишинг мумкин эмас!
Аслида, бу ҳақиқат барчамизга бирдек аён. Бироқ ҳаёт деган улкан тегирмон тоши остида эзилиб қолмаслик учун шунчалар қаттиқ ҳаракат қиламизки, меҳр деган туйғу борлигини, сенга уни тақдим этадиган инсонинг ёнингдалиги ва у Яратганнинг улуғ инъоми эканини эсимиздан чиқарамиз… 
Фарзандларимиз шу кичик ёшида ҳис этган ҳақиқатни анг­ламай яшаётганлар қанча?! Бошини меҳр билан силаётган қўлни қирқаётган, муҳаббат билан боқаётган кўздан ёш оқизаётганлар қанча?!
Масалага оила даврасида ёндош­сак: бир-бирига оқибат кўрсатаётган ака-ука, опа-сингиллар кўп. Бироқ арзимас ер учун бир-бирига қўл кўтараётган, юз кўрмас бўлаётганлар ҳам бор.
Аҳли аёлини ҳурмат қилиб, кўрсатган меҳрига муносиб жавоб қайтараётганлар бисёр. Фарзандининг эртанги кунини ўйлаб, унга яхши тарбия берадиган, касбу ҳунарга йўналтираётганлар – барчага ибрат. Бироқ ўткинчи ҳою ҳавас, кўнгилхушлик дея оиласидан юз ўгираётган, елкасига юклатилган масъулиятлардан бўйин товлаётганлар ҳам йўқ эмас. 
Масалага кенгроқ ёндашсак: ўзига маскан бўлган, ота-бобосидан мерос Ватанига муносиб фарзанд бўлиб, унинг равнақи, тинчлиги учун муносиб ҳисса қўшаётганлар дунёнинг ҳар бурчагида бор. Бироқ ўз юртига тош отаётганлар, хиёнат қилаётган, обрўсига тил теккизаётган, туҳмат тошини отаётганларнинг борлиги ҳам айни ҳақиқат!
Яхшига, яхшиликка ёндош бўлганларнинг ажру савоби Аллоҳга ҳавола. Бироқ оиласига, қавму қариндошига, Ватанига ёмон муносабатда бўлаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин?! Назаримда, улар Жаноби Ҳақ ато этган неъматларга шукр қилмаётгандек! Ахир дунёда қанчадан-қанча бола ота-онасиз улғаймоқда! Неча-неча оилалар бор тирноққа зор! Ёлғиз фарзанд­лар бор – акаси, укаси, опаси, синглиси бўлишини орзу қилиб яшаётган!
Минглаб, миллионлаб инсонлар бир кун хотиржам оёқ узатадиган уйи бўлишини туну кун Яратгандан сўрайдилар. Она ватанининг бир сиқим тупроғини сўнгги маскани – қабри узра сочилишини истаб армон билан ўтаётганлар қанча?! Ватан дея аталган осуда маконда хотиржам яшаш бахти кимларга насиб этган, кимларга эса йўқ?! 
Онанинг қадрини онасиз қолгандан сўраш керак бўлганидек, ватан қадрини теранроқ англаш учун ватансизнинг оҳини тинглаб кўрмоқ лозим.
Айтмоқчи бўлганимиз, инсон ўша машъум кунларга тушмасидан аввалроқ, қўлидаги неъматларни қадрлаши, уларнинг шукрини адо этиши лозим. Шукрнинг аввали эса бандаларга раҳмат айтишдан бошланади. Зеро, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларга ташаккур қилмаган Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, деганлар (Имом Термизий). 
«Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7). Ушбу ояти каримага “Лубобут-таъвил фи маонит-танзил” тафсирида қуйи­дагича изоҳ берилади: “ Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади”.
Унутмаслик лозим, бизга берилган ота-она, ака-ука, опа-сингил, жуфти ҳалол, фарзандлар, уй-жой, Ватан каби неъматларни Жаноби Зулжалол синов учун ато этган. Аллоҳ амр этганидек, ота-­онани эъзозлаб, фарзандлик бурч­ларини адо этиш, ака-укага меҳр кўрсатиш, доим елкадош бўлиш, улар билан алоқани узмаслик, опа-сингилларга эса раҳм-шафқат кўрсатиш, жуфти ҳалолни ҳурмат қилиб, унинг ҳақларини адо этиш, фарзандларга эса чиройли тарбия бериб, уларга масъулликни ҳис этиб яшаш лозим. 
 
Нигора МИРЗАЕВА