Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан 2016 йил “Соғлом она  ва бола йили” деб номланди. Албатта, барча қатори биз диний соҳа ходимлари ҳам бундан мамнун бўлдик.
Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 23 йил­лигига бағишланган маросимда Юртбошимиз оналар ҳақида сўз юритиб, жумладан, бундай дедилар: “Барчамизга яхши аёнки, ҳар бир инсон, аввало, Аллоҳнинг марҳамати билан, она зотининг ўз боласини юраги остида асраб, тўққиз ой давомида тортган машаққатлари туфайли дунёга келади. Шу боис Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаёт­ган табаррук зотларни кўрамиз. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзод мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзим қилади. Муборак ҳадислардаги “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган сўзлар ҳам ана шу юксак меҳр ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Аёлларга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш биз учун ота-боболаримиздан қолган ибратли мерос бўлиб, биз бундай анъаналаримизга доим содиқ бўлиб яшаймиз”. 
Дарҳақиқат, динимизда ҳам хотин-қизларни эъзозлаш, уларни ҳурмат қилишга алоҳида эътибор берилади. Ҳадиси шарифда: “Аёллар эркакларнинг туғишган опа-сингилларидир” (Термизий ривояти); “Аёлларга яхши муомала қилинглар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти), дейилади.
Бу маъруза давомини тинг­ларканман, аёл-қиз­ларимизга бўлган эътибор-эъти­рофдан қувониб кетдим: “Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади. Бу менинг энг катта орзуим ва тилагимдир, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Сизларга яхши маълумки, юрти­мизда қиз болаларнинг – бўлғуси оналарнинг ҳам жис­моний, ҳам маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, уларнинг ўрта мактабдан сўнг лицей ва коллежларда таълим олишини таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган”.
Муқаддас динимиз хотин-қиз­ларни илм-маърифатли бўлишига, ҳаёт учун зарур бўлган барча маълумотларни эгаллашга чақиради. Хусусан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарздир” (Имом Бухорий ривояти), дейдилар. 
Инсон ҳам маънан, ҳам жис­монан соғлом бўлиши жуда муҳим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: “Кучли мўмин Аллоҳга заиф мўминдан кўра ёқимли ва яхшироқдир” (Имом Муслим ривояти).
Кейинги пайтда бўлажак ке­лин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказишга, қизларнинг эрта турмушга чиқишининг олдини олишга қатъий эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз айни масалада бундай дедилар: “Соғлом ва мустаҳкам оила соғлом келажак пойдевори эканини назарда тутиб, бўлажак келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича масъулиятни кучайтириш керак. Шу мақсадда тегишли поликлиникаларни замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, уларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масаласига энг муҳим вазифа сифатида қарашимиз зарур... Қиз болани коллежни битирмасдан, ҳунар эгалламасидан туриб, кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калтабинлик деб ҳисоблайман”.
Қизларнинг эрта турмушга чиқиши ҳақида Имоми Аъзам мазҳаби фақиҳлари мутлақо салбий фикрда бўлишган. Бир нарсага аҳамият бериш керак, қизларнинг балоғат ёши билан турмуш қуриш ёши бошқа-бошқа нарса экани ҳаётда ўз исботини топмоқда. Юртбошимизнинг “Соғлом она ва бола йили” мавзуига бағишланган маърузаларида юқоридаги каби зарур ва долзарб мақсадлар, вазифалар кўрсатиб берилган. Уларни рўёбга чиқаришда биз имом-хатиблар ҳам, иншоаллоҳ, муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
 
Раҳматилло УСМОНОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 
Қашқадарё вилоятидаги вакили