Бугун жума. Одатимга кўра Қуръони каримни қўлга олиб, Каҳф сурасини ўқий бошладим. Кўзимдан ёшлар тўкилди. Аллоҳ таоло ҳар бир ояти каримаси билан биз бандаларни тўғри йўлга солмоқда. Тафаккурга чўмдим...
 
Суранинг 45-ояти каримасида Аллоҳ таоло гўзал бир ўхшатиш келтиради: “(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зотдир”.
Ояти каримада инсоннинг ёшлик даври баҳорга, қарилигини эса кузга қиёсланаяпти. Дарҳақиқат, одам боласи ёшлигида янги нарсаларни кўради, худди ердан униб чиққан майсалар каби атрофга ажабланиб, ҳайратланиб қарайди. 
Фарзандларимизни олайлик. Улар ҳамма нарсага қизиқиб, ҳар бир кўрган нарсалари ҳақида сўрайдилар. Ўзимиз ҳам доимо билмаган нарсаларимизни ўрганишга интиламиз. Кирмаган кўчамиз қолмайди: адашамиз, талашамиз, хатолар қиламиз. Ёмғирларга, дўлларга учраймиз. Катталарнинг ёрдами ва панд-насиҳатлари, йўл-йўриқлари билан шу дўллардан, кучли шамоллардан ўтиб оламиз. Агар уларга қулоқ солмасак, адашиб, бир умрга, нафақат бир умрга, балки икки дунёмизга зарар берамиз. 
Ояти каримада кексалик кузга қиёс қилинади. Нақадар гўзал ўхшатиш. Куз сокинлиги, билан қарияларимизнинг табиатига ўхшаб кетади. 
Ёшликнинг куч-қудрати билан инсоннинг қуввати ҳар нарсага етади. “Тоғни талқон қилади” деган ибора  ҳам айнан ёшлик  чоғига нисбатан айтилади. 
Кексалик етиши билан эса инсон кучдан қолади. Бирор ишни бажаришга шижоат бор, лекин куч йўқ. Қизиқиш-истак бор, бироқ қувват йўқ. 
 Аллоҳ таоло бизга ана шу ояти карима орқали бир ҳақиқатни эслатмоқда: ёшликни ғанимат билиш керак. Инсон умри, ёшлиги тез ўтиб кетади, ёз ортидан куз келади. 
Шу сабаб ёшлик давримизни сермазмун, манфаатли, ибратли ўтказишимиз, илм олиш,  бирор ҳунарни эгаллашимиз лозим бўлади. Токи, қарилик ёшига етганимизда – умримизнинг кузда имконларни йўқотгач, афсус чекиб қолмайлик. Аксинча, у чоғда бажарган савобли амалларимиздан,  ўрганган илмимиздан, ҳунарларимиздан манфаат олиб яшаш насиб этсин. 
 
Мактума АБДУЛАЗИЗ қизи