Бомдод намозини адо этгач, ошхонага ўтдим. Бир юмуш бошлашдан олдин одатим бўйича радио қулоғини бурадим. Миллий мусиқа асбобларимизда ижро этилган ёқимли куйга хонанданинг дардли овози жўр бўлди:
 
Махтумқули айтар: топмадим омон,
Ёмон тилнинг заҳри қиличдан ёмон,
Ёмон тил олдида заҳарли илон
Чақса-да, бир чивин чаққанча бўлмас...
 
Ажаб, шоир шу тўрт қаторга сингдириб сиғдирган фикрни кимлардир қалин китобда ҳам бунчалик аниқ, таъсирчан, халқона ифодалаб беролмаса керак. Бир қатра... Аммо аждодлардан авлодлар қалбига умрбоқий дарёдек шарқираб оқиб кирмоқда. Сабаби  – инсон боласи ўзини англай бош­лаган пайтдан токи умрининг охиригача амал қилиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бирининг баёни бу. Асрлардан ёши улуғ бу сатрларни мен ҳам ёшлигимдан биламан. Лекин... ўқибман, ёдлабман-у, уқмабман-да! Тилимнинг заҳарли қиличи яралаган қалбларнинг, тиғи сўлдиргану ўлдирган шодликлар, умид, ишонч, илинжларнинг сон-саноғи ўзимгагина номаълум, холос. Бироқ ҳисоб-китобнинг вақти муқаррар келади. Сабрсизликдан, нафсимнинг йўлига юриб, оқибатини ўйламай сўзлашимдан панд еганларим озми? Фақат ўшандаям чарчаганимни, шошилиб турганимни, кайфиятим йўқлигини, ёшим кичик ёки катталигини баҳона қилиб ўзимни ҳимоялайман... бировни чақиб қўйган тилимни унга малҳам қўйишга эмас, яна ўзимни оқлашга хизмат қилдираман...
Ўсмирлигимизда дўппи тикиб ўтириб эски радиомиздан эшитардим бу ашулани. Энди набиралар ўсмир ёшидан ҳам ўтиб бормоқда. Бир умр эшитиб, таъсирланиб, ҳатто бошқаларга ибрат сифатида ўқиб берибмиз-у, ўзимиз ибрат кўчасидан айланиб ўтибмиз. Тил жиловини шайтонга бериб қўйиб, дилозорликдан ҳали-хануз қутулолмаймиз. Ҳисоб-китоб муқаррар!
Тонг ёришиб боряпти. Қалблардаги эзгу орзу-­умид, янги режалар ниҳоли барг ёзиб гуллашга шайланяпти. Сўзларнинг ҳарорати, майин нафасидан ҳам бу гуллар қувват олади – мевага айланади. 
Шу тонгга етказганингга, субҳи содиқда қалбимни яна бир карра огоҳликка чақирганингга шукр. Дилим билан тилимни мулойим ва уйғун эт! Дилозорлик азобидан ўзимни, ўзгаларни асра. Қалбларимизни чиройли сабр, меҳру оқибат, ақлу фаросат, икки дунё саодатидан умидворлик нурлари билан ёруғ эт. Ҳақ йўлингда собит айла, карами кенг Парвардигор!                                             
 
   Муҳтарама УЛУҒОВА