“Шамол – атмосферада ҳавонинг ер сиртига нисбатан горизонтал ҳаракати. Баъзан горизонтал шамолга нисбатан анча кучсиз вертикал шамол ҳам бўлади...” дейилади Ўзбекистон миллий энциклопедиясида. 
Шамол – ҳавони ҳаракатлантиради, эсган заҳоти у ҳам биз учун қанчалик буюк неъмат эканини ҳис этамиз. Ҳақиқатан, ер юзида ҳаётнинг давом этишида шамол жуда аҳамиятли. Чунки у узоқлардаги булутларни суриб келиб, еримизга ёмғир ёғишига сабабчи бўлади. Аллоҳ таоло Ҳижр сурасининг 22-оятида: «Биз шамолларни (булутларга) “ҳомиладор” бўлган ҳолда юбордик, сўнгра осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик. Сизлар уни ғамлаб олувчи эмассиз», дея марҳамат қилади.
 
Уммон ва денгиздан буғланиб юқорига кўтарилган булутларни яйлов ва далаларга суриб келиш шамолнинг иши. Аёнки, денгиз ва қуруқликка қуёш иссиғининг таъсири бир хил бўлмайди: сув тезда исимайди, аммо иссиқликни остки қатламларига қадар сингдириб олгани боис тезда совумайди. Тупроқ эса тез исиб, тез совийди. Шу боис денгиз ва қуруқлик орасида бўлган қирғоқларда давомий ҳаво оқими ва тўлқин юзага келади. Ана шу ҳаво ҳаракати ва тўлқинлар воситасида денгиз сувида бўладиган газ, кальций каби элементлар ҳавога кўтарилади. Уларни шамол узоқларга суриб кетади ва булутларни ана шу зарралар билан тўйинтиргач, ёмғир ёғади.  Шамол  ўсимлик чангларини ўрнидан қўзғатиб, уларнинг чангланишига ҳам сабабчи бўлади.
Шамол булутни Аллоҳ амр этган ерга ҳайдайди, у буюрган ерга ёғдиради. Парвардигори олам бу ҳақда қуйидагича марҳамат қилади: «У ўз раҳматининг даракчиси сифатида шамолларни юборувчи Зот бўлиб, (шамоллар) оғир булутларни кўтариб олгач, уни ўлик (чанқоқ) шаҳар (усти)га ҳайдаймиз. Бас, унга сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли меваларнинг ҳар туридан чиқарурмиз...» (Аъроф, 57).
Шамол фақат булутларни ва сувни ташимайди, ёмғирга қўшилиб баракот ёғилишини таъминлайди. Масалан, чўллардан учган қум зарраларидаги фойдали минераллар – темир, азот каби элементларни экинзорларга ташиб мўл ҳосилга сабабчи бўлади.
Шамол тупроқни тўйинтириш билан бирга, денгиздаги ҳаётга ҳам баракот келтиради. Саҳродан фойдали тузлар, азот ва бошқа элементларни денгизга ташиб, унинг фауна ва флораси ривожига таъсир кўрсатади. Шунингдек, баъзи ўсимликларнинг уруғини узоқ ўлкаларга ташийдиган беминнат хизматкор ҳам шамолдир. Яна унинг ўрмонлардаги тоза ҳавони келтириб, ифлосланган ҳавони тозалаш вазифаси ҳам бор. Агар бу ишни шамол қилмаганида, одамзод ҳаво циркуляциясини йўлга қўйиш учун кўпдан-кўп маблағ сарфлашга мажбур бўларди.
Қадимдан елканли кемалар, шамол тегирмонлари кабиларни ишлатишда шамол энергиясидан фойдаланишган. Ҳозирда ундан ҳатто электр энергияси олинаётир. Бу кам харажатли, табиатни ифлослантирмайди ҳамда тугаб қолмайдиган ажойиб манбадир.
Шамол неъмат бўлиш билан бирга, фалокат ҳамдир. Аллоҳ таоло истаса, шамолни мўътадил эсдириб, баракотли ёмғирлар ёғдиради; истаса, кучли шамол қўзғатиб, унинг воситасида қавмларни ҳалок, юртларни вайрон этади. Бинобарин, ўтмишда йўлдан озган ва зулмда ҳаддидан ошган баъзи қавмлар шиддатли шамол воситасида ҳалок қилинган. Холиқи Зулжалол Зориёт сурасининг 41-оятида Од қавмини куйдирувчи иссиқ шамол билан йўқ этганини маълум қилган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шамол эсган заҳоти: “Аллоҳим! Сендан бу шамол, унинг ичида бўладиган нарсалар ва Сен юборган нарсалар хайрли бўлишини тилайман. Бу шамол, унинг ичидаги  нарсалар ва Сен юборган нарсаларнинг ёмонлигидан Сенга сиғинаман” (Имом Муслим ривояти), дея дуо этганлар.
Ойша (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ! Сиз бизнинг ҳалок этилишимиздан қўрқасизми?” деб сўраганларида, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Билмадим, балки бу булут Од қавмига келгани каби бир азобдир. Улар қора булутни кўрганларида ёмғир ёғадиган булут деб ўйлаган эдилар, аммо у алам ва азоб келтирди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти), деб жавоб қайтарган эканлар.
Биз ҳам сарин бир шамол эсар экан, Аллоҳнинг бу неъмати устида тафаккур этиб, шукр қилайлик ва Аллоҳ таолодан ана шу неъматнинг бизга хайрли бўлишини сўрайлик. 
 
Дамин ЖУМАҚУЛ, 
журналист