Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш бўлади. Одамларнинг ўзаро ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир.

Мусулмон киши адолатпарвар бўлиши, барчага эзгулик улашиши, ожиз ва муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаши, уларга раҳм-шафқат кўрсатиши, ҳимоя қилиши, бошқаларни ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтариши, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун ҳаракат қилиши лозим.

Ислом дини инсониятнинг душмани бўлган, жамият барқарорлигига таҳдид солувчи ҳар қандай ёмонликдан қайтаради.
Ислом дини инсонларни бир-бири билан тортишишдан, мусулмонларни ҳақорат қилишдан қайтаради. Тарихда арзимаган гап-сўзлар, иғволар сабаб урушлар, жанжаллар кўп бўлган.
Огоҳлик бугунги замонамизнинг энг муҳим ва асосий шартларидан биридир. Негаки, ҳаётда огоҳ бўлган инсон ҳеч қачон тубанликка, парокандаликка юз тутмайди.
Юсуф Хос Ҳожибнинг огоҳлик ва ҳушёр­лик борасида: “Халқ ҳушёрлиги элга фойда келтиради, шу туфайли элда тинчлик ва тотувлик қарор топади”, деган ҳикматли ўгитининг маъноси шуки, халқ қанчалар ҳушёр ва огоҳ бўлса, юртга шунча кўп фойда келтиради. Эл фаровон ва осуда ҳаёт кечиради. Зеро, юрт ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиш энг эзгу ва савобли амаллардандир.
Муҳтарам Президентимиз 2012 йилнинг 31 августида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуидаги суҳбатларида: “Улуғ неъмат – мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳақимиз йўқ. Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян ходимларнинг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак”, деб таъкидладилар. Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, шу замин тинчлиги, унинг тараққиёти учун камарбаста бўлиб яшашимиз керак. Зеро, аждодларимиздан мерос қолган ушбу табаррук заминни, ота-боболаримиз хоки поклари ётган мўътабар тупроқни ҳимоя қилиш, Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга мусаффо ҳолда қолдириш юксак бурчимиз, вазифамиздир.
 
Вазира СОҲИБНАЗАРОВА,
Тошкент ислом университети 
4-курс талабаси