“Табиатга қараб, ўрнак олса арзийди. Ундаги барча нарса: одам ҳам, йилқи ҳам, қурт-қумурсқаю қушлар ҳам ўз хили билан юради. Кўпчиликка бош бўлиб, яхши-ёмонларни жуда кўп синаган киши нима дейди, эшитгин:
– Чумчуқни кўрдим, қийқириб учмоқда. Шеригига назар солсам, иккови бир хил. Униси ҳам, буниси ҳам қоп-қора. Оққуш қўшилмайди. Қорақушга боқ. Қорақуш оққушдан жуда ҳам йироқ. Учар қушлар ҳам ўз шерикларини ажратиш уддасидан чиқар экан, инсоннинг бунга амал қилмоғи шарт” (Юсуф Хос Ҳожиб).
Аллоҳ таоло инсонларни турли-турли яратганидек, уларнинг ризқини ҳам айни тарзда тақсимлаган. Бу ҳолат инсонлар учун имтиҳон бўлиб, берилган ризққа шукрона билан, қаноат қилиб яшашлари лозимлигига ишорадир. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: «Аллоҳ баъзиларингиздан баъзиларингизни ризқда юқори қилиб қўйди...» (Наҳл, 71).
Аллоҳ таоло одамни тупроқдан яратди. Шу боис камтарликда тупроқ каби бўлиш афзалдир. Чунки тупроқ тавозели бўлгани учун ундан ўн саккиз минг олам гултожи Одам (алайҳиссалом) яратилди.
“Ўзимизни биламизми?” деган саволга жавоб бериш мушкул. Инчунун, ўзини таниш – зўр кашфиёт. Биз фақат бошқаларнинг нуқсонини кўра оламиз, ошиб-тошиб сўзлаймиз. “Мен кимман, нима учун яратилдим, аслида қандай иш тутишим керак?” деган саволларни аввало ўзимизга беришимиз, қалбимизга қулоқ солишимиз лозим.
Аллоҳ таоло махлуқотлари орасида инсонни азизу мукаррам қилди. Лекин инсон табиати қизиқ: кундалик турмушнинг икир-чикирлари, ҳою ҳаваслари, зебу зийнатлари ичра ҳаёт йўлини, умр мазмуни ва мезонини йўқотиб қўяди.
Инсонда имон сусайса, залолат зўрлик қилади. Маърифат камайса, жаҳолат кучая­ди. Жисм асли тупроқдан эканини унутган одам эса, гуноҳ ва шаҳватга мойил бўлади.
Маънавий қашшоқлик улкан бахтсизликдир. Бундай кишилар ўзининг инсон эканини унутади. Алишер Навоий: “Агар огоҳсен, шоҳсен сен” деганда инсоннинг маънавий мақомини назарда тутган.
Бу мақомга эса, шубҳасиз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилиш билан эришилади.
Улуғ аждодларимизнинг муқаддас Ислом динининг ҳаётбахш чашмаларидан сув ичган бой маънавий меросларини келажагимиз бўлган ёшлар онгига ҳам сингдирсак, Ҳазрат Навоийнинг “огоҳлик” чақириғига жавоб берган бўламиз. Бу эса ёшларимизни қора ниятли кучларнинг таҳдидлари, фитналаридан ҳимоя қилишда катта ёрдам беради.
 
Абдуҳамид ИСҲОҚОВ, 
Халқ таълими аълочиси,
Риштон тумани