Бугунги кунларнинг шукуҳи, файзу таровати, айниқса, халқимиз қалбидаги шукрона, фахру ифтихорнинг мақоми ўзгача – жонажон Ўзбекистонимиз мус­тақилликка эришганининг 25 йиллик байрами яқинлашиб келмоқда. Тарих учун зарранинг зарраларидан бири бўлган бу фурсатда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида илгари қў­йилган қадамларнинг салмоғини рақамлар тасдиқлайди. Бу ҳақда эътироф этиш – истиқлол йилларидаги ҳаётимизни таҳлил этиш, бундан хулосалар чиқариш, шунингдек, ишонч билан эртанги кун режаларини тузишга имкон беради.
Шу йилнинг 2 июнь куни  эълон қилинган Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори юртимизнинг кейинги чорак асрлик тарихи саҳифалари халқимизнинг неча асрлик орзулари рўёбидан мунаввар, ғурурбахш эканига яна бир далилдир.
“Биз учун ҳақиқатан ҳам энг улуғ, энг азиз айём бўлган бу қутлуғ сана ўтган тарихан қисқа давр­да босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад – энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади”, дейилади Қарорда.
Масъулиятли ва шарафли йўлга чиққан катта карвонга улуғ мақсадлар ярашади. Барча диққат-эътибор, имкониятларни эл фаровонлиги, юрт ободлигига қаратиш мустақилликнинг илк кунларидан Юртбошимиз, ҳукуматимиз раҳбарлигидаги давлат сиёсатининг мағзи, мазмун-моҳияти бўлди. Бу сиёсат изчил амалга оширилишининг меваларидан бугун барчамиз баҳраманд бўлиб яшаяпмиз. Жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий имкониятларининг салмоғи беқиёс даражада юксалди.
Ўзбекистоннинг ўзига хос ва мос тараққиёт йўлидан оғишмай бораётганини бугун дунё эътироф этаётир. Бунга аниқ далил ва рақамлар далолат бўлади: мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмай, бу барқарор ривожланиш аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтирмоқда; юртимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги кишанларига ҳаётининг барча соҳаси қарам бўлган ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди;  мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошди; иқтисодиётда саноатнинг улуши 34 фоизга етди, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоизни ташкил этаётир. Нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқлар жадал ривож­ланмоқда; муҳими, янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий касб ва ҳунарларни эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси ва келажакни яратиш масъули­ятини зиммасига олган янги авлод камолга етмоқда. Улар илм-фан, маданий-маиший, спорт соҳасида эришган ютуқлар Ўзбекистон фарзандлари дунёнинг тараққий этган  мамлакатлари ёшларидан ҳеч бир соҳада кам эмасликларини такрор-такрор исботламоқда... Бундай асосли, ғурурбахш мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.
Қарорда Ўзбекистон Респуб­ликаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси таркиби тасдиқланиб,  комиссия “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари дас­турини ишлаб чиқиши белгилаб қўйилган. Айни кунларда комиссия махсус дастур бўйича диёримизнинг барча ҳудудларида катта байрамни муносиб кутиб олиш ва  ўтказиш юзасидан кенг қамровли тадбирларни амалга оширмоқда.
Байрам – барчамизники, ҳаммамизнинг бугунимиз, келажагимиз билан боғлиқ. Унга тайёргарлик кўришда ва ўз мақомига яраша тарзда нишонлашда барчамиз масъулмиз. Ўз оиламиз, маҳалламиз, шаҳару қишлоқларимизда рўй бераётган янгиланишлар, ижобий ўзгаришларни равшан шуур кўзи билан кузатиш, холисона хулоса чиқариш қалбларимизга шукрона бағишлайди. Шу шукронани фарзандларимиз онгига сингдириш – бурчимиз. Зеро, бу яхшиликлар, шароит ва фаровон ҳаётни бундан чорак асргина муқаддам тасаввур ҳам этолмагандик. Аллоҳ марҳамати, фидойи раҳбарларнинг саъй-ҳаракати туфайли барқарор бўлиб турган Ватанимиз осмонининг мусаффолиги, тонгларимиз осо­йишталиги, кўпмиллатли халқимизнинг ўзаро меҳр-оқибатлилиги барча ютуқларимизнинг муҳим омилидир.
Қарорда “...бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур очиб бериш” байрамолди тадбирларини белгилашда устувор йўналишлар бўлиши кўрсатиб қўйилган. Бу вазифани бажаришга ҳисса қўшиш – барчамизнинг маънавий бурчимиз. Зеро, биз тинчлик ва осо­йишталикда ҳаёт қанчалар файзу баракотли, кунлар мазмунли ўтишини, эзгу ниятлар рўёбидан баҳрамандликнинг қадр-қимматини теран англаб боряпмиз. Бунинг учун Парвардигори оламга ҳамду сано,  шукроналаримиз бардавом бўлсин.
 

Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими