Ҳаётда катта муваффаққиятларни қўлга киритган одамларнинг хотираларини тинглаганда, уларнинг ҳаёти ҳам бирданига фаровон бўлмаганини, жиддий синовлардан тушкунликка тушмасдан,   сабр ва матонат билан яхши кунларга етишганига гувоҳ бўламиз. Омадли инсонлар билан омадсизлар ўртасидаги фарқ ҳам аслида – шу. Ҳар иккиси ҳаёт йўли бошида ўхшаш шароитда бўлган эса-да, улардан бири муаммоларни ҳал этиш учун Аллоҳга таваккал қилиб куч-ғайратини ишга солган, иккинчиси эса тушкунликка тушиб, ҳар доим ўзининг ҳолига ачиниб, шикоят қилиб, ўзини-ўзи омадсизликка маҳкум этган.

Аллоҳнинг тақдирига ишонмаган, ўзига нисбатан ҳақсизлик қилинди, дея ўйлаган кишининг ҳаёти нотинч кечади. У ҳар доим салбий ҳиссиёт таъсирида бўлиб, ишларини тўғри ташкил қила олмайди.
Инсон ўз насибасига рози бўлса, қўлидан келадиган ишларни мукаммал бажаришга ҳаракат қилса, Аллоҳга энг гўзал шукр этган бўлади. Чунки ҳақиқий шукр берилган неъматлар қийматини билиб, уларни ўз ўрнида ишлатиб, Яратганнинг ризоси учун қўлламоқдир.
Теран фикрлайдиган инсон ҳаётни қадрлайди, турли воқеа­-ҳодисалар қаршисида собит туради. Тақдири азалга рози бўлмоқ эса кишини тоб­лайди, қайғу-аламларни хотиржам енгишга ёрдам беради. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳнинг берганига рози бўл, инсонларнинг энг бадавлати бўл!” (Имом Термизий) деб марҳамат қилганлар.
Аксарият одамлар улуғ неъматга, улкан ютуққа эга бўлишни истайди. Нафсга қул бўлиб, ҳар нарсанинг энг яхшисини исташ инсоннинг бошқалар ҳақига чанг солишига сабабдир. Парвардигори олам бандаларининг насибаларини Ўзи истагандек яратган. Баъзиларга ҳусн, баъзиларга қобилият, яна бирига моддий имконият, бошқа бирига эса уни тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган яхши жуфти ҳалол ато этган. Баъзи бандаларини катта имкониятлар эшигини очиб қўйиб, бошқаларини торлик ва мушкулотларга дучор этиб синайди.
Тақдирдан нолиш мўмин бандага хос эмас. Чунки имонли инсон, Раббиси унинг тақдирини тайин қилганини, унга бўйсунмоқ бурчи эканини билади.
Ношукрлик – бахтсизлик келтиради. Зеро, насибасига рози бўлмаслик ва етишмовчиликдан шикоят қилиш ҳеч нарсани ўзгартирмайди, аксинча, дардини янада оширади. Шукр қилиш, қўлидаги неъматлардан кўнгли тўлиб, ижобий туйғуларда бўлиш инсоннинг икки дунёси учун ниҳоятда фойдалидир. Масалан, соғлом одам “шукрки, соғлигим яхши”, деб қўлидан келганча меҳнат қилиб, моддий қийинчиликдан қутулади.
Аксинча, киши ҳар доим бош­қалар билан ўзини муқояса қилиб, “Нега фалончи мўл-мўл харажатлар қилади-ю, мен қила олмайман? Мен ҳам улар каби харжлашни истайман!” деса, ўзининг аҳволини оғирлаштиради. Фарзандларининг ризқини қияди, ҳатто қарзга ботиб қолиши мумкин.
Унутмайликки, “Ҳеч вақоим йўқ”, деган одамлар ҳам жуда кўп неъмат эгасидир. Агар соғлик, ниятларни амалга оширишга вақт, ёшлик каби неъматларимизга имкон қадар кўпроқ шукр қилсак, Аллоҳ тао­ло ризқимизни янада кенгайтиради. Бинобарин, Қуръони каримда: “Ким бир яхшилик қилса, биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, Шакурдир”, (Шўро, 23) дея марҳамат қилинган.

Д. ЖУМАҚУЛОВ