Ватанни эъзозлаб, садоқат билан хизмат қилганлар доимо эҳтиром билан тилга олинади. Унга хиёнат қилганлар эса хорликка учрайдилар.
Юртга муҳаббат, унга садоқат имонли кишиларнинг хислатидир. Ватанга бўлган муҳаббатнинг энг гўзал намунасини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини доимо она-Ватанга муҳаббатли бўлишга чорлаганлар: “(Эй Макка!) Агар қавмим мени сендан чиқармаганда, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим”, дейдилар. Бу сўзларни Набий (алайҳиссалом) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида, туғилиб ўсган Ватанлари  – Маккаи мукаррамага юзланиб айтганлар.
Барча ишларда инсоният учун ўрнак бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз юртларини севиб ардоқлаганлар. Бу ҳақда Ҳофиз Заҳабий бундай дейди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ойша (розияллоҳу анҳо)ни, унинг отаси (Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)ни, Усомани, икки невараларини, ҳолва ва асални ҳамда ўз Ватанларини яхши кўрардилар”.
Донишмандлар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғиниши ва умрининг зое кетган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”, деганлар. Ватанга садоқат кишининг ўз халқига, аждодларига юксак эҳтироми, келажак авлод олдидаги мас­ъу­­­лиятни чуқур англаши ифодасидир.
Шундай юксак эъзоз ва эҳтиромга муносиб бўлган Ватанга хиёнат қилиш эса энг оғир гуноҳлардан биридир.
Бир неча асрлар муқаддам соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур Ватанга хиёнатни қаттиқ қоралаб, битикларида бундай ёзган: “Қайси бир сипоҳий туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим”. Хулоса қилиш мумкинки, ўз она юртига, халқига хиёнат қилган одамлардан ҳеч қачон дўст чиқмайди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир қалбда имон билан куфр жамланмайди, ёлғон билан ростгўйлик бирга жамланмайди, хиёнат билан омонатдорлик бирга жамланмайди”, деб марҳамат қилганлар. Демак, хоин киши омонатсиз ва ишонч­сиздир. Омонатдор, ишончли кишилар ҳеч қачон хиёнат қилмайдилар. Ундай одам ўз аҳли оиласига, фарзандларига, қавму қариндош­ларига, дўсту биродарларига ва табиийки, она-Ватанига ҳам садоқатли, вафодордир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур қалбидаги Ватандан жудолик азобу изтиробларини ҳаттоки бир мамлакатга шоҳлик мартабаси ҳам аритолмаган.

Ўз юртни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди, –


деб ёзади у. Гарчи Бобур ўз ихтиёри билан эмас, ўша замон қарама-қаршиликлари, салтанат учун аёвсиз кураш – жанг­ларнинг бўронида она юртдан айро тушган бўлса-да, бу оғир мусибат сабабидан ўзига таскин изламайди. “Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди”, дея умрининг охиригача икки дарё оралиғида жойлашган ота макони нафасини олиб келадиган ҳар бир инсон ва ҳар қандай нарсага интизорликда яшади. Бу ҳаётий ҳақиқатда барчамиз учун катта ибрат, огоҳлантириш бор.
Она-Ватан ўз бағрида яшаётган, нафас олаётган, унинг неъматларидан баҳраманд бўлаётган кишилар – халқ учун том маънода омонат саналади. Ҳар бир инсон ўз Ватанини ҳар қандай ёмонликлардан, парокандалик, зарарлардан кўз қорачиғидек асрамоғи лозим.
Имом Мотуридий “Хорлик истасанг, хиёнатчи бўл”, дея хоинларнинг жазоси фақат ва фақат хорлик бўлишини таъкид­лайди.
Ҳазрат Мир Алишер Навоий айтадилар:

Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.

Юқорида айтилганлардан хулоса чиқарсак, Ватанга хиёнат кечирилмас ва оғир хатодир. Ватанга садоқат саодати барчамизга насиб этсин.

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири