Раҳматли бувим: “Болам, дунё­га келибсизлар, кун кўринг­лар, илоҳим кун кўринглар”, деган гапни кўп такрорлардилар. Бу гапнинг маъносини тушунмасдим. Бувим пиру бадавлат бўлиб, невара-чевараларнинг бахту роҳатини кўриб дунёдан ўтдилар. Ўша гапда жуда кўп маъно борлигини энди-энди англаб етяпман, назаримда. Раҳматли бувим: “Ҳар бир инсоннинг умри узоқ, юрти тинч бўлиб, ҳаёти фаровон бўлсин. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликка эришсин, уруш, очлик-қимматчилик кўрмасин, ҳаётдан рози бўлиб яшаб ўтсин”, демоқчи бўлган эканлар.
Бугунги куннинг қадрига етмоқ, шукрини адо этмоқ учун кечаги кунларга назар солиш, тарихдан ибрат олиб, кексаларнинг насиҳатига қулоқ тутиш керак бўлади.
Саъдий Шерозийнинг “Гулис­тон” асарида бундай ҳикоя келтирилади:  “Бир подшоҳ чиққан кемада дарёни ҳечам кўрмаган ўсмир йигит бор эди.  Кеманинг ҳайбатидан, дарё тўлқинидан йигит ваҳимага тушди. У бақириб йиғлаб, ўзини у ёқдан-бу ёққа урар, кемадагиларнинг тинчини бузиб, уларнинг кўнглига ваҳима соларди. Кемадаги ҳаким бир зот подшоҳнинг олдига келиб: “Агар рухсат берсангиз, бир тадбир қилиб, уни тинч­лантирсам”, деди. Подшоҳнинг рухсатидан сўнг ҳаким йигитни дарёга ташлашни буюрди. Ўспирин сувга чўка бош­лаганидан кейин, уни қутқариш учун ёрдам қўлини чўздилар. Ҳалиги йигит жон аччиғида кемадаги кишиларнинг қўлига ёпишиб, кемага чиқди ва олдинги ҳолатидан асар ҳам йўқ, кеманинг бир четида жимгина ўтирди.
Подшоҳнинг: “Бунда қандай ҳикмат бор?” деган саволига ҳаким жавоб берди: “Бу ўсмир аввал ғарқ бўлиб, ҳеч сув ютиб кўрмаган. Мана энди кеманинг ичи саломатлик макони эканини тушуниб етди. Тинчлик-хотиржамлик қадрини бирор мусибатга гирифтор бўлган одамгина яхши тушунади”.
Яратганга шукрлар бўлсинки, юртимизда, таъбир жоиз бўлса, ўз “кемамиз”да фаровон яшаб, дуо ва ибодатларимизни қилиб ҳаёт кечирмоқдамиз. Минг афсуслар бўлсинки, шу кунларда дунёнинг турли ўлкаларида ҳар хил урушлар туфайли яқинларидан ажраб, жонини асраш учун тинч жой қидираётганлар минг-минглаб топилади. Бир бурда нон, бир қултум сувга зор, жон талвасасида юрганларни оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, билиб турибмиз!
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим,7).
Кўпинча одамзод чексиз орзулар қилиб, уларга етиша олмасдан, вақтини, бахтини бой берганини ўзи ҳам билмай қолади. Киши теран мушоҳада қилса, Яратганнинг неъматлари улуғ ва кўп эканига иқрор бўлади. Худди шунингдек, киши охират ишларида ўзидан юқорироқ, тақводорроқ, парҳезкорроқ, ибодатлироқ, ғайратлироқ кишига қараса, ўзининг ким эканини ҳис қилади.
 Ҳикматли мисралардан бирида бундай дейилади:

Динида хайрли ҳаёт излаган
Қарасин тақвода ким ундан ўзар.
Дунёда фаровон ҳаёт кўзлаган
Ўзидан ночорга ташласин назар.


Шундай экан, тинчлик қадрига етайлик, фаровонлик ва хотиржамлигимиз зиёда, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
 

Ибодулла АҲРОРОВ,
Тошкент ислом институти проректори