Бугунги кунга келиб “омма­вий маданият” деган ибора қулоғимизга жуда кўп чалинмоқда. Матбуот саҳифаларида ҳам унинг зарарлари, ёшлар маънавиятига кўрсатаётган салбий таъсири ҳақида бот-бот гапирилмоқда. Ахборот асри бўлган ҳозирги даврда унинг жамият ҳаётига, ёшлар онгига таъсир кўрсатишига қаршилик қилиш барчанинг вазифасидир.
Таъкидлаш керакки, “оммавий маданият” ниқоби остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, манманлик, худбинлик ғоя­ларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар ётибди.
 “Одобни одобсиздан ўрган” деган халқона нақлга амал қилиб, “оммавий маданият”нинг нақадар аянчли оқибатлар келтириб чиқараётганини, унда тарғиб этилаётган ҳар бир хатти-ҳаракат, феъл-атвор юксак маънавиятимиз олдида нақадар жирканч эканини ёшларимизга кўрсатишимиз лозим. Бунинг учун эса, аввало, уларни  ўз юртига садоқат, меҳр-оқибат, авлодларга ҳурмат руҳида тарбия қилишимиз шарт.
 Ўрни келганда шуни ҳам айтиш лозимки, бу билан ғарб маданиятининг, у ердаги яшаш тарзининг барчаси нотўғри, қоп-қора демоқчи эмасмиз. У ердаги ҳаёт тарзининг айрим жиҳатлари ибрат олишга арзирли.  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсаси, уни қаерда топса, олишга ҳақлидир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).  Шундай экан, кўнгилга ҳикмат соладиган ҳар бир иш, амал ёки фильм мўмин учун манфаатли бўлиши мумкин.  
Анча йиллар аввал бир фильм кўргандим. Унда милиция ходимларининг фаолияти, оилавий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Воқеалар ривожида эса улардан бирининг 12 ёшли қизи автоҳалокат туфайли вафот этади. Дард билан тўлиб-тошган ота қизи билан бахтиёр ўтган ўн икки йил учун Яратганга ташаккур изҳор қилади.  
Ушбу мусибат унинг касбдош­ларига ҳам қаттиқ таъсир этади ва улар биргаликда ўз хизмат вазифаларини – оиласи, дўстлари ва жамият олдидаги бурчларини виждонан бажаришга қасамёд қиладилар...
Реал воқеликка асосланган ушбу фильм мени жуда кўп мушоҳада қилишга, атрофимда содир бўлаётган ҳодисалар, жамиятдаги қарашлар борасида ўйлашга мажбур қилди. Тан олиб айтайлик, бизга ато этилган неъматларнинг қадрига етиб Яратганга шукр қилиб яшашнинг уддасидан чиқяпмизми?! Аллоҳ таолонинг амри, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг буюрганидек иш тутяпмизми?!
Аллоҳнинг бирлигига ва борлигига, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг расули ва элчиси эканига гувоҳлик бериш билан банда Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсунишга, Расул (алайҳиссалом)нинг суннатларига эргашишга қарор қилади...
Баъзилар эса... Исломни фақат фарзанд кўрганда ақиқа қилиб, қулоғига азон айтиш, тўйда никоҳ ўқитиш, жаноза намозини адо этиб, ўтганларга бағишлаб Қуръон тиловат қилиш кабиларни бажариш дея тушунадиган бўлиб қолган.
Ана шундай кишилар бошига тушган мусибатдан гангиб, йўқотган яқинининг фироқига чидай олмаган ожиз кўнглидан номаи аъмолига гуноҳ бўлиб ёзиладиган сўзлар чиқа бошлайди: “Қайси гуноҳим учун боламдан айирдинг?”, “Онамнинг меҳрига тўймай ўсдим, қани адолатинг, ахир ҳамманинг ота-онаси тирик-ку!”, “Нега акамнинг жонини олдинг, ёш эди, ҳали яшаса бўларди!”
Аслида бу дунё экинзорида барчамиз омонатмиз. Бизга берилаётган ҳар бир неъмат синов учун эканини яхши англамоғимиз лозим. Хўш, неъматлардан биридан айрилган чоғимизда буни Аллоҳнинг синови, унинг тақдири илоҳийи­даги бир “ёзув” сифатида кўра оламизми?! Ёки тилимиздан исён сўзлари учадими?
Аслида бундай дамларда сабр­нинг энг юксак намунасини кўрсатиш: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” калимасини фақат тилимиз билан такрорлаб қолмасдан, дилимиз билан тасдиқлашимиз, бошимизга келган мусибатнинг синов эканини мушоҳада қилиш биздан лозим эмасми?!
Билиб-билмай содир этган гуноҳлари сабаб Аллоҳнинг иродаси ила кишининг ризқи камайди дейлик: яна у Аллоҳга тавалло қилади: “Сенга ибодат қиляпман, бошқаларга қараганда кам ризқ беряпсан” дея. Банданинг қилаётган ибодати ўзи учун. Аллоҳнинг бунга муҳтожлиги йўқ. Ризқ, бойлик эса бирор “нарса” эвазига берилмайди. Аллоҳ ўз лутфи билан синаш учун беради уларни...
Мўмин киши ана шу ҳақиқатларни унутмаслиги лозим. Шундагина ўзига вақтинча берилиб-қайтариб олинган омонатлар учун Яратганга шукр қила олади. Берилган неъматларнинг барчаси, ҳаттоки, оиласи учун ризқ қозонишига восита бўлаётган хизмат вазифаси ҳам бир синов эканини англаб, бу имтиҳонда юқори баҳо олишга ҳаракат қилади, иншоаллоҳ!
 

Нигора МИРЗАЕВА