Ёнимда ўтирган қиз телефонда тинмай гаплашарди. Автобус шовқини сабабли қиз суҳбатдошининг ҳамма гапини тушуна олмас, “Нима дейсиз?”, “А-а?”, “Қайтаринг”, деб сўрагани-сўраган эди. Атрофдагиларнинг айримларига малол кела бошлаган бу суҳбатнинг бир тайин мақсади йўқ, шунчаки одат ёки зерикмаслик учун давом этарди.
Бир олимнинг фикри ёдимга тушди: ўзи мустақил равишда ўйин топиб, бошқаларга хархаша қилмай ўйнайдиган, бирор машғулот билан шуғулланадиган болалар улғайганда ҳам мустақил ишлаш, илм ўрганиш, кашфиёт қилишга мойил инсонлар бўлиб камолга етаркан. Бунинг сабабини тушуниш қийин эмас, менимча. Инсон атрофидаги нарса-буюмларнинг, воқеа-ҳодисаларнинг вазифаси, мақсади, моҳиятини англаб етиши учун улар билан яқиндан танишиши, ўрганиши, атрофлича мулоҳаза юритиши керак. Бу жараён борлиқ билан бевосита юзма-юз бўладими ёки илмий-бадиий асарларни ўқиш орқали амалга ошириладими... лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам киши диққатини бир нуқтага жамлаши, ақлини ишлатиши зарур.
Телефондаги суҳбат сабабидан тез-тез учраб турадиган ҳолатлар ёдга тушди: баъзан қаергадир бориб келиш ёки ёлғиз ўтирмаслик учун кимнидир (шунчаки зерикмаслик учун) ҳамроҳ қилиб оламиз. Йўлда, дастурхон устида... хуллас, телефондаги суҳбатдошдан айрилмаслик ҳам баъзилар ва уларнинг ёнверидагилар учун оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Айримлар ёнида кимдир доим шерик бўлишига шунчалар ўрганиб кетишганки, ёлғиз қолиб китоб ўқишни, атрофида турланаётган тўрт фасл санъату саховатини кузатиб завқланишни, жамият ҳаётидаги муҳим воқеаларни қўя турайлик, ҳатто тонг ва шом оралиғида кечган ўз умри ҳақида ўйлаб кўришни хаёлга ҳам келтирмайдилар.
Ушбу ўринда бир ҳикоят мазмунини келтириш ўринлига ўхшайди: айтишларича, уламолардан бири сафарга ҳозирланибди. Ўғли ҳамроҳ бўлиш ниятида экан, ота бунга рози бўлмай, ўзи ёлғиз йўлга чиқибди. Қайтиб келгач ўғлига: “Мен сафарим давомида Қуръони каримни хатм қилиб келдим. Агар сени олиб кетганимда, бу ишни қилолмаган бўлардим”, деган экан.
Демоқчимизки, биз ақлу фаросатимиз мунтазам равишда фаолиятда бўлишига интилишимиз ва одатланишимиз, бунинг учун вақтимиз ҳамда мушоҳада қувватимизни олди-қочди ёки шунчаки эрмак қабилидаги суҳбатларга “қурбон” қилишдан сақланишимиз керак. Шунда ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг “Қўлинг меҳнатда, дилинг Ёр (Аллоҳ) ёдида бўлсин” деган насиҳат-ўгитларига амал қилган бўламиз.
Чуқурроқ ўйлаб кўрсак, ҳаттоки баъзида қандайдир ҳаётий муаммодан “бошимиз қотиб” қолганда ҳам, кимнингдир маслаҳати, ёрдамига умидвор бўлишдан аввал асаб ва қалбимизни тинчлантириб, бу вазиятдан чиқиш учун нималар қилиш мумкинлиги ҳақида бафуржа ўйлаб кўрганимиз афзал. Чунки бевосита ўзимиз билан боғлиқ ҳар қандай иш, юмуш, ташвишларнинг ечим калити ҳам биринчи навбатда ўзимизнинг шароит ва имкониятларимиздан топилиши мумкин. Бу мулоҳазаларни атрофдагилар, ёши улуғлар, устозлардан таълим-тарбия олиш ёки кўпчилик биргалашиб, маслаҳатлашиб бажариши керак бўлган ишларни инкор этиш деб тушунмаслик керак. Айни ўринда гап ўз ихтиёримиздаги фурсатларни (ҳозирча бизнинг ихтиёримизда, лекин ҳисоб-китоби аниқ!) ҳофизамизни чархлашга, теранлаштиришга, ҳаётга муносабатимизни жиддийлаштиришга омил бўладиган фойдали, хайрли ақлий-маънавий меҳнатга сарфлаш ҳақида боряпти.
Шахснинг қай даражада мустақиллиги, ўзига ишончи ва талабчанлиги ҳам турли вазиятлардан имкон қадар бошқаларга оғири, озори етмай чиқиб кетишга интилишида намоён бўлади. Бунинг учун у олдига қўйган мақсадларининг моҳияти, оқибати, унга қандай йўллар билан етишиш мумкинлиги ҳақида аввало ўзи яхшилаб фикрлаб олиши; шунингдек, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар натижасидан холис хулосалар чиқаришга ўрганиши лозим. Бунинг учун алоҳида вақт ажратиб, кимсасиз жойга бориб ўтириш шарт эмас. Қўл-­оёғимиз иш-ҳаракатда бўлган пайтларда ҳам олдимизда турган муҳим вазифаларни тўғри, осон, хайрли амалга ошириш борасида хаёлан режа тузиш, имкониятларни чамалаш мумкин. Ёки ўқиган китобларимиз ибратлари ҳақида фикр юритиш... ва яна муҳими, дину имонимизга қувват, гуноҳларга каффорат, эзгу ниятлар йўли очилишига сабаб бўладиган оят ва дуоларни эслаб, такрорлаб юриш қандай яхши!  
Орамизда бу борада ибрат бўладиган инсонлар жуда кўп. Улар оила  даврасида ёш фарзандлари билан ҳам худди катта одамлар каби гаплашадилар: болаларини қизиқтирган саволларга эринмай тўлиқ жавоб беришга ҳаракат қиладилар; мактаб ва ҳаёт дарс­ларини ўғил-қизлари билан қайта ўқийдилар гўё; бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисалардан тез ва юзаки хулоса чиқармай, холис ва атрофлича фикрлашга йўналтирадилар; каттаю кичик ҳар бир иш ва машғулотни олдиндан пухта ўйлаб бошлашга одатлантирадилар; зурриётлари қалбида табиат ва жамиятга, унинг сирларию қонуниятларига муҳаббат туйғуларини улғайтирадилар... хуллас, ота-боболаримиздан мерос бу қутлуғ мактабнинг сабоқлари, ибратлари кўп.
Ялтираган сароб томонга югуриб, катта маблағ топиб келмоқчи бўлганлар фақат ўз чўнтагини бойитиши мумкин. Аммо мустақил Ватанимиз иқтисоди, маданияти, илму фани, маънавиятини теран фикрловчи, изланувчи, тафаккурли, кашф этишга интилувчан юксак ниятли шахслар яратади.

Муҳтарама УЛУҒОВА