Она боласини бағрига босиб, Яратганга минг-минг шукрона айтади. Унга фарзанддек буюк неъматини ато қилган Аллоҳ мўъжизасини кўрингки, чақалоқ умрининг дастлабки йиллари ризқу насибаси – оқ сутни ҳам она сийнасига жо айлаб, шу кичкина жон учун бебаҳо туҳфа қилди. Оналар шу омонат билан жисму руҳига қувват, камолот бахш этиши – бахт.
Оқ сут орқали фарзанди жисмига она энг олий фазилатларни сингдириши мумкин: меҳру оқибат, сахийлигу олижаноблик, ширинсўзлик, сабру қаноат, ирода, меҳнатсеварлигу одамийлик.., хуллас, онасида мавжуд бўлган ҳамма хислатлар оқ сут орқали чақалоққа ўтади.
Она ўз жигаргўшасига Аллоҳ берган ризқ – оқ сутини сабабсиз бермаслиги, жуда юмшоқ қилиб айтганда, меҳрсизлик; боланинг жисмоний-ақлий ривожланишида жуда муҳим ва масъулиятли бўлган даврдаги беқиёс имкониятларни бой беришдир.
Мамлакатимизда соғлом она ва бола камол топиши учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу мақсадга хизмат қиладиган қадриятлар тикланди. Шулардан бири она сутининг аҳамиятини тарғиб этиш, чақалоқлар ҳаётининг илк кунларидан бошлаб она сутидан баҳраманд бўлишлари учун зарур тадбирлар изчил амалга ошириляпти. Лекин шунга қарамай, статистик маълумотларга қараганда, ҳозирги пайтда мурғак фарзандини она сути билан боқаётганлар 50–55 фоизни ташкил қиларкан. Тунда туриб бола эмизишга эринаётган, қадди-қоматини бузмаслик учун фарзандини сутдан ажратиб, ҳар хил сунъий аралашмалар билан боқаётган, боласини бирор қариндошиникига ташлаб, чет давлатларга чиқиб кетаётганлар, афсуски, бугунги куннинг энг оғриқли муаммоларидан биридир.
Халқ орасида “Одам кексайганда ёш болага ўхшаб қолади”, деган гап бор. Ҳақиқатан шундай, ёши улуғлар худди бола мисоли меҳр-мурувватга жуда муҳтож бўлиб қоладилар. Мурғак гўдагини оқ сути ва унга омухта бўлган меҳр-муҳаббатига тўйдирмаган оналар... вақти келиб боласидан эмас, аввало, ўзларидан хафа бўлиб қолишлари мумкинлигини тушунармикин?..

Дилором КАРИМОВА,
Юнусобод тумани