Камол эт касбким, олам уйидин
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмак.
Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмак.


Бир қарашда мазкур қитъа мазмун-моҳиятини тушуниш осон кўринади. Зоҳиран, Алишер Навоий панд-насиҳат қилиб, бу дунёда яшашдан мақсад комилликка интилиш ва чин инсоний хулқ-атворни шакллантириш эканини айтганлар. Инсон ақлини таний бошлаганидан дастлаб ота-онаси парваришида бўлиб, меҳр-муҳаббати ва ардоғида вояга етади. Бора-бора бу оламни ўзи идрок этиб, ўз ақл-фаросати билан танийди. Ушбу қитъа матнида шоир фикр, ақли тўлишган одамга хитоб қилиб, уни камол касб этишга чорлаётгани аниқ. Аммо шуни аниқлаб олиш лозимки, ҳазрат Навоий назарда тутган комиллик мақоми нима? Унинг даражаси қандай? Мўътабар манбаларга мурожаат қилинганда, инсонийлик ҳайвонийлик ва малакийлик мақоми ўртасида жойлашган. Агар инсон қалби ва руҳини поклаш йўлини тутса, малакийлик мақомига юксалади. Агар қалби ва руҳини покламаса, омонат умрини фақат айш-ишрат ва роҳат-фароғатда яшаб ўтишга сарфласа, ўз-ўзидан ҳайвонийлик мақомига тушади. Мазкур қитъада кўзланган мақсадни очиб беришда ана шу жиҳатни аниқлаб олиш керак. Бу қитъа дарслик ва қўлланмаларда келтирилиб, ўз вақтида навоийшунос олимлар томонидан шарҳланган. Жумладан, Иброҳим Ҳаққул “Камол эт касбким...” деб номланган мўъжаз рисоласида бу қитъага батафсил тўхталиб, бундай фикрни билдириб ўтади: “Киши ўзини ҳирс, тама, нафс, ғафлат, нодонлик сингари майлларидан покламаса, у ҳеч вақт комил бўлолмайди. Комиллик учун улкан инсоний қалб, уни нурлантирувчи сўнмас ишқ ва кенг қамровли тафаккур зарур. Буларсиз маънавий-руҳий мукаммаллик ва ақлий балоғат хусусида сўз айтиш мумкин эмас”. Шу фикр-мулоҳазаларга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, камолотни мавҳум нарса деб қарамаслик керак. Комиллик инсон забт этиши мушкул ҳисобланган хаёлий чўққи ҳам эмас. Аммо инсон зотига унга эришиш, бутун куч-қуввати ва салоҳиятини уни эгаллашга қаратиш тақдир қилинган. Оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, одамзоднинг комилликка интилиши худди талаба топширадиган синов-имтиҳонга ўхшайди. Кимдир бу имтиҳонни муваффақиятли топширса, кимдир яхши тайёргарлик кўрмагани сабаб имтиҳондан ўта олмайди. Бунинг учун унга муайян вақт, имконият, куч-қувват ва бошқа имкониятлар ато этилган. Бироқ инсон бу имкониятлардан оқилона фойдаланмас экан, “олам уйидан ғамнок” ҳолда чиқиши тайин. Бу ақли расо одам учун катта ютқизиқ эмасми?

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонларида инсоний комиллик қандай бўлиши ва бу мақом чўққисига қандай тарзда кўтарилиб бориш тасвирлари асосий ўрин тутади. Фарҳод муайян илм ва касб-ҳунар эгаллаш ниятида қанча машаққатлар чекди. Бу машаққатлари унинг комиллик мақомига кўтарилишида восита бўлиб хизмат қилганини унутмаслик керак.

Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, мазкур қитъа мўъжаз ва оддий бўлиб кўринса-да, аммо жуда катта салмоқ ва қамровга эга. Ҳазрат Навоий одамзодга хитобан унинг қаршисида икки йўл, яъни покланиш ёки покланмаслик турганидан огоҳлантириб, бунга жиддий қараш кераклигини уқтирмоқда. “Лайли ва Мажнун” достонида Мажнун изтироби ва дардчил нолаларига аҳамият берилса, ўзининг поклана олмагани, бунинг учун қаттиқ ҳаракат қилмаётганидан зорланиш ва арз-шикоят кўзга ташланади. Унинг хатти-ҳаракатига назар ташланса, ҳайвонийлик мақомидан бутунлай узоқлашиб, малакийлик мақомига кўтарилаётганини сезиш қийин эмас. Шунинг учун у низолашиб, бир-бирини ёмонотлиқ қиладиган тоифалардан иложи борича узоқлашишга интилади, ҳатто саҳрога отланиб, у ерда ваҳший ва ёввойи ҳайвонлар билан улфат тутинади. Чунки у бу оламдан “ғамнок” ҳолда чиқиш қай даражада оғир эканини теран англайди. Шунинг учун у мажозий ишқ имтиҳонида бўлиб, покланади, бу йўлда учрайдиган тўсиқ ва ғовларни мардонавор енгиб ўтади ва бу дардидан халос бўлиш чораларини қидиради. Фарҳод ва Мажнун образлари бу оламга келган инсонларга юксак намуна ва ибрат. Ахир, бу оламда комиллик сари интилмай, яъни лоақал ОДАМ эканлигини англамай ҳаёт кечириб, бир куни афсус-надомат билан бу дунёни тарк этиши ҳеч бир ақлга сиғадими?

Бобомурод ЭРАЛИ