Шукрки, тинч-осуда юртда, қулайлик­лари кўп замонда яшаяпмиз. Ҳозир уйдан чиқмасдан туриб дунёнинг исталган нуқтасида юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш, исталган жойдан керакли маълумотларни олиш, олди-сотди қилиш ва яна бошқа кўплаб ишларни бажариш мумкин. Шунингдек, интернетдан ўқув қўлланмалари, китоблар олиш имконияти унинг аҳамиятини янада орттиради.

Ҳар бир нарсанинг фойда ва зарари ақл тарозисига солинганида, қайси бири посангини босса, ўша тарафи олинади. Интернетнинг фойдаси кўплигига шубҳа йўқ. Бироқ у инсонга самарали фаолият­ юритиши учун яратилган бир восита, холос. У ҳеч кимнинг ҳеч бир ишини бажариб бермайди. Фақат осонлаштиради. Демак, инсон ҳар бир ишни бажаришга ўзи ҳаракат қилиши керак. Масалан, интернет бирор китобни биров учун ўқиб, мазмунини унинг миясига жойлаб қўймайди. У китобни осон топишга ёрдамчи бўлади. Уни ўқиб-ўрганиш эса инсоннинг ўзининг заҳмати.

“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” деганларидек, ўзида беҳисоб маълумотларни жамлаган интернетга ҳикмат ахтариб ёндашганлар ундан кўп фойда олаётир. Айниқса, ёшлар унинг ёрдамида илм ўрганаётир, узоқ маконлардаги нуфузли ўқув юртларидан масофали  таълим олаётир, ўзининг илмий салоҳиятини янада юксалтириб, имкониятларини дунёга намоён этиб, миллатимиз шарафининг юксалишига муносиб ҳисса қўшаётир.

Аммо ана шу қулайлик баъзи одамларни уйга қамаб ҳам қўйди. Тўғри-да, бир жойга нарса олиб бориш керак бўлса, юрасизми, йўл харажати ва қимматли вақтингизни сарфлаб, интернет орқали жўнатиб қўя қоласиз-да. Ҳа, бунинг савобига ким етсин! Аммо киши ўзи сезиб-сезмай кам­ҳаракат бўлиб қолаётганига нима дейсиз? Эскалаторлар дастлаб ишга тушган кезларда мутахассислар: “Энди юрак касалликлари кўпайиб кетади”, деган экан. У вақтларда-ку, ҳарна, эскалаторга қадар юриб борилган. Энди эса уйдан бир қадам чиқмай ҳамма ишини компьютерда бажарадиган одамлар бор ва уларнинг сафи кенгайишда давом этаверади.

Бундан ташқари, тараққий топган давлатларда интернет таъсирида оила ҳам жиддий зарар кўраётир. Таассуфки, унинг оқаваси биз томонларга ҳам етиб келди. Эру хотин бир уйда: буниси бошқа хонада, униси бошқа хонада “одноклассники”да  ўтириб буниси бегона аёл билан, униси номаҳрам эркак билан чақчақлашиб ўтирибди. Бир-бирига буткул бегонага айланиб бўлган улар. Уйда фақат иккита совуқ вужуд, иккита руҳсиз шарпа қолган; ўй-фикр, севги-муҳаббат бошқа томонга – сароб тарафга йўналган.

Аслида бегона эркак-аёлнинг виртуал алоқада сирлашиб ўтиришининг ўзи зинокорлик сари ташланган қадамдир. Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида Мафтуна деган аёлнинг қай йўсинда хиёнат кўчасига кириб кетганига иқрор бўлгани ёритилган. Ана шу воқеанинг ўзи ушбу фикрни тасдиқлайди.

Интернет инсонларнинг кўз ўнгида дунё юзидан пардани кўтарди. Натижада, айрим кишилар шунчаки томошабинга – ялқов истеъмолчига айланиб қолди. Улар сайтма-сайт кезиб,  қизиқарли фильмлар, видеотасвирлар ва бошқа бемаъни нарсаларни томоша қилиб кун ўтказадиган бўлди. Баъзилар эса ўйиндан бош кўтармай қолди. Сериаллар қаҳрамонларининг ҳаётига томошабин бўлиб кун ўтказаётганлар, уззукун бировлар белгилаб берган ўйинларни ўйнаб кўз нуридан айрилаётганлар ўзларининг ҳаётини қачон яшайди! Улар энг қимматли сармояси – ҳаётини бой бераётганини билмайдими?..

Ўтказилган тадқиқотларда аксар ёшлар кўп вақтини интернетда, компьютер ўйинларини ўйнаб ўтказаётгани аниқланмоқда. Бундай ёшлар жисмонан соғлом, комил инсон бўлиб улғаярмикан? Боз устига, уларнинг баъзилари бузғунчи сайтларга кириб, қаллобларга, фитначиларга алданиб, ҳатто террорчиларга қўшилиб қолганини ҳам эътироф этган.

Бузғунчи сайт дегани нима ўзи? Бу атамани эшитганда террорчилик ва ахлоқсизликни тарғиб этувчи сайтларни кўз олдимизга келтирамиз. Аммо янада кенгроқ мушоҳада юритсак, бошқа турдаги бузғунчи сайтлар ҳам кўп. Масалан, фикримизча, инсоннинг вақтини ўғирлаб, унга илм-маърифат ўргатмайдиган, уни комиллик сари етакламайдиган, зарурий ахборотлар билан таъминламайдиган сайтларнинг ҳаммаси шу ҳукмда.

Ахборот асри деб ном олган юзйилликда яшаётган кишилик жамиятида зарур ахборотни ким тез қўлга киритса ва тарқатса, ўшанинг қўли баланд келиши аён. Шу боис биз ҳам интернетдаги кўнгилочар нарсаларга чалғиб қолмасдан ана шу ахборот маконига эгалик қилишга жаҳд қилайлик, унинг воситасида илмимизни, маърифатимизни бойитайлик ва ўрганганларимиздан бошқаларни ҳам баҳраманд этайлик. Иликда бўлса чиқади, дейдилар-ку. Бизнинг илигимизда ёвқур баҳодирлар ва мўътабар олимлар қони оқаётгани айни ҳақиқат эмасми? Шундай йўл тутайликки, интернет – маърифат тарқатувчи бўлсин!

Юқорида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби ҳақида сўз очдик. Чунки ушбу асарни ўқиш жараёнида у ёшларимиз, умуман, интернетдан фойдаланувчи ҳар бир шахснинг глобал тармоқ ҳақидаги билимларини бойитадиган ажойиб китоб бўлибди, деган хулосага келдик. Ана шу асарнинг тўлдирилган янги нашри “Интернет имкониятлари”, “Замонавий ахборот воситалари”, “Интернетдаги блоггерлар фаолияти”, “Лудомания. Виртуал ўйинларга мубтало бўлиш сабаблари”, “Миллий қонунчиликда ахборот хуружидан ҳимоя масалалари” деган боблар билан бойитилиб, қайта чоп этилди. Бизнингча, ушбу китоб ҳар бир интернет фойдаланувчисининг иш столида бўлиши керак. Китобхон эътибор билан уни ўқиб турса, ўзи учун кўп фойдали билимларга эга бўлади ва унда ахборот хуружларига қарши иммунитет янада кучаяди.

Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист