Пойтахтимизнинг Самарқанд дарвоза даҳасидан автобусда кетиб борар эдик. Манзилимизга етай деганда машиналар тирбанд, одамлар гавжум кўчада анча тўхтаб қолдик.

Рўпарадаги хонадон эшиги олдида елкаларида видеокамера кўтарган икки йигит одамларни тасвирга туширарди. Кимдир: “Нима бўляптийкин?” деб сўраганди, бир киши: “Бу машҳур ёзучимиз Абдулла Қодирий яшаб ўтган кўча, менимча, адибимиз билан боғлиқ бирор фильм суратга олинаётган бўлса керак”, деб жавоб берди.

Бунга қўшимча биров у деди, биров бу. Жумбоқ автобусга чиққан икки кишининг суҳбатидан сўнг ечилди: шу жойлик бир киши отасининг вафоти муносабати билан эҳсон оши бераётган, видеочилар эса келган-кетганларни тасвирга тушираётган экан...

Яқинлар, кекса кишиларнинг гап-сўз­ларини, хотираларини ёзиб олиш, видеотасвирга тушириш мумкин ва буни тушунса бўлади. Бироқ марҳумнинг хотирасига бағишлаб ўтказиладиган маъракалар нима мақсадда, кимга кўрсатиш учун тасвирга туширилмоқда? Ёзилган тўкин дастурхонни, маъракага келган одамларни тасвирга тушириш – бу манманлик эмасми? Ахир, эҳсон одамларга мақтаниш,  гапириб юриш учун эмас, Аллоҳ розилигини тилаб қилинади-ку!

Халқимизнинг яшаш тарзи яхшиланиб, турмушимизга техника воситалари шиддат билан кириб келмоқда. Ҳозирги тўйларимиз микрофону овоз кучайтирувчи мосламалар,  видеотасвирчиларсиз ўтмайдиган бўлиб қолди. Албатта, тантаналарни видеотасмасига тушириб олиб, кейинчалик томоша қилиш кишига завқ бағишлайди, бир умр­лик хотирага айланиб қолади.

Агар ўтмишни ёдга оладиган бўлсак, бир вақтлар келин-куёвлар никоҳ уйига авваллари битта, кейинчалик, икки, уч, тўртта безатилган машинада борадиган бўлишди. Ҳозир эса никоҳ ўқитиш учун келиннинг уйи­га 5–6 та хорижда чиқарилган бир хил русум ва рангдаги енгил машиналарнинг келиши шарт бўлиб қолди. Ҳар бир машинанинг хизмат ҳақи фалон пул, бунинг устига доллар ҳисобида. Эҳтимол имконияти бор куёв томон бунинг устидан чиқар, лекин ўртаҳол хонадон эгаларининг ҳолига вой! Нима қилиб бўлса ҳам фарзандимнинг кўнгли ўксимасин деб кенг қанот ёзаётган бу урфдан орқада қолмасликка ҳаракат қилади. Ана сизга муаммо, зиддият, дилхиралик. Тўй эса ҳали бошланганича йўқ!

Биз тўй тадбирлари ҳамда дафн маросимларида пайдо бўлаётган янги одатларни бекорга эсламадик. Ўзингиз айтинг, азиз юртдошлар! Ахир дафн маросими ёки эҳсон яқин ўтмишда видеотасвирга туширилмас эди-ку! Ёки келин-куёв никоҳ уйига битта, узоғи билан иккита енгил машинада борганда ҳам тўй ўтаверган-ку!

Ушбу масалада тежамкорлик билан иш тутиш мамлакатимиз келажаги бўлмиш ёшларимизнинг маънавий-маърифий тарбиясида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Муҳаммадий ЭРГАШЕВ,
Тошкентдаги “Аҳмаджон қори”  жоме масжиди  имом-хатиби
Шавкат ЁҚУБОВ,
меҳнат фахрийси